Колумбия президенти ва инқилобчилар етакчиси 50 йиллик қарама-қаршиликдан кейин тинчлик сулҳини имзолашди
Колумбия ҳукумати ва Колумбиянинг инқилобий қуролланган кучлари (FARC) Куба пойтахти Гаванада ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги икки томонлама ва якуний келишувни имзолашди. Бу келишув қуролни ташлаш, хавфсизликнинг кафолатланиши ва жиноий ташкилотларга қарши курашни кўзда тутади.
Ушбу ҳужжатнинг асосий бандлари орасида ўт очишни батамом тугатиш, сиёсатда қуролни ишлатишни тақиқловчи янги маданиятни ривожлантиришга кўмаклашиш, келишув имзолангандан кейин 180 кунлик муддат ичида қуролсизлантиришни таъминлаш учун "йўл харитасини" ишлаб чиқиш бор.
Шу билан бирга келишувга амал қилиниши бўйича Колумбия ҳукумати, FARC ва Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамиятига аъзо давлатлар кузатувчилари билан БМТ вакиллари кирадиган уч томонлама механизм ўрнатилади.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳужжатнинг имзоланиши 50 йилдан кўпроқ давом этувчи ва 260 минг кишининг умрига зомин бўлган можаронинг томонларини бир-бирига аввал ҳеч қачон бўлмагандек яқинлаштирди. Адоват оқибатида 45 минг киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади, ўз уйини тарк этган одамлар сони эса 6,9 млн кишини ташкил қилади. Колумбия ҳукумати ва FARC ўртасидаги қарама-қаршиликда бошқа исёнчи ташкилотлар, қуролланган отрядлар, гиёҳвандфурушлар гуруҳлари ва куч тузилмалари иштирок этиб келган.
Тинчлик сулҳининг имзоланиши маросимида FARC етакчиси Тимолеон Хименес ва Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос ҳамда тинчлик жараёнига гувоҳ давлатлар вакиллари сифатида Куба давлат кенгаши ва вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастро ва Норвегия ташқи ишлар вазири Бёрге Бренде иштирок этдилар.