Жаҳон | 07:42 / 01.07.2016
5635
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Tesla Motors’га нисбатан текширув бошланди

АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий маъмурияти (NHTSA) Tesla Motors автомобилсозлик компаниясига нисбатан бу компания машинаси иштирокида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси юз бергандан кейин дастлабки текширув бошлади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Компаниянинг Tesla Model S моделидаги 25 мингта машинаси текширувдан ўтказилади.

Компаниянинг 2015 йилда ишлаб чиқарилган машинаси автопилотда кетаётганда ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасига тушиб қолган. Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, ЙТҲ компания машиналари автопилотда 130 млн миль юрганидан кейин содир бўлган. АҚШда ўртача ўлим билан якунланувчи ЙТҲлар 90 млн милда, бутун дунё бўйлаб эса 60 млн милда бир марта қайд қилинади.

Машина олдидаги тўсиқни пайқамай қолиб, йўлни кесиб ўтаётган юк машинаси трейлерига урилган. Машина ҳайдовчиси ва компьютер тизими ёруғ осмон фонида оқ рангдаги трейлерни пайқамай қолган. Таъкидланишича, электромобиль трейлернинг пастки қисмига олд ойнаси билан урилган. Оқибатда электромобиль ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Хабарда айтилишича, автопилот функцияси ҳали ҳам дастлабки синовдан ўтказилмоқда ва ҳайдовчи руль чамбарини ушлаб туришини талаб қилади. Агар ҳайдовчи бошқарувдан чалғиса, машина тормозланишни бошлайди.

Компания матбуот хизматида айтилишича, автопилот мунтазам равишда яхшиланиб бормоқда, бироқ ҳали ҳам ҳайдовчи эътиборини талаб қилади. Таъкидланишича, электрон тизимлар ёрдамида машина бошқариш исталган вазиятда хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилайди.

Tesla Motors ва унинг раҳбари Илон Маск ҳалок бўлган ҳайдовчи оиласига ҳамдардлик билдирди.