Спорт | 14:28 / 03.07.2016
8888
2 дақиқада ўқилади

Гвардиола «Реал» ва «Барселона» футболчиларини «Манчестер Сити»га олиб келмоқчи

Англиянинг «Манчестер Сити» клуби «Реал»дан германиялик ярим ҳимоячи Тони Кроос ва «Барселона»дан уругвайлик ҳужумчи Луис Суаресни сотиб олмоқчи. Бу ҳақда The Mirror хабар берди.

Хабарда айтилишича, жамоанинг янги бош мураббийи Хосеп Гвардиола бу футболчиларни ўзи ташкил этаётган жамоада кўришни истамоқда. Қайд этиш жоиз, Кроос «Бавария» сафида испаниялик мутахассис қўл остида ўйнаганди.

Германия терма жамоаси сафида Европа чемпионатида иштирок этаётган футболчининг трансфер нархи 63 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда.

Хабарда шунингдек, «Манчестер Сити»  Луис Суарес учун 85 миллион фунт сарфлаши мумкинлиги айтилган.

«Шаҳарликлар» жамоасининг ушбу трансферларга қўл уришига жамоанинг ашаддий рақиби  «Манчестер Юнайтед»нинг кейинги кунларда иккита катта трансферни амалга оширгани сабаб бўлиши мумкин. 2 июль куни куни «Қизил иблислар» Златан Ибраҳимович ва Генрих Мхитарянни ўз сафига қўшиб олгани ҳақида маълум қилинганди.

Кроос Примерада 2014 йилдан буён ўйнаб келмоқда. У якунланган мавсумда 32та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди ва 10 марта шерикларини голли узатма билан таъминлади. Унинг Мадрид жамоасида шу вақтгача ўтказган ўйинлари сони 68та.

Суарес ҳам 2014 йили Англиянинг «Ливерпуль» жамоаси сафидан Испанияга келганди. У якунланган мавсумда 35 ўйинда иштирок этиб, 40та гол ҳамда 17голли пас муаллифи бўлди ва Ла Лиганинг энг яхши тўпурари бўлди. У шу вақтгача «кўк-анорранглилар» сафидаги 62 учрашувда 56 марта рақиблар дарвозасини ишғол этган.

Манба: Tribuna.uz