Спорт | 12:04 / 03.07.2016
6996
3 дақиқада ўқилади

Йоахим Лёв: «Пенальтилар сериясига мен таъсир кўрсата олмасдим»

Германия терма жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв Евро-2016 чорак финалида Италияга қарши ўйиндан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бу охирги зарбага қадар драматиклигини сақлаб қолган ўйин бўлди. Бугунгидаги каби ҳиссиётларни 2006 йилги жаҳон чемпионатида Аргентинага қарши ўйин вақтида ҳис қилгандим. Тактик жиҳатдан икки жамоа ҳам юқори савиядаги ўйинни намойиш этди, лекин биз умумий планда рақибдан устунроқ эдик. Итальянлар жуда кучли характерга эга жамоа, лекин биз ҳам уларга бўш келмадик. 

Гол ўтказиб юборган вазиятимизда омадимиз чопмади. Итальянлар ўйиндан гол ура олишмаган бўларди. Биз уч нафар ҳимоячи билан ўйнаш вариантини кўриб чиққандик. Таркибда ўзгаришлар билан майдонга тушдик. Италия Словакия эмас. Бу жамоа 2 нафар марказий ҳужумчи ва 2 вингер билан ўйнайди. Қаттиқ прессинг қўллашади. Итальнлар қанотлардан марказга тўп узатиб, ҳужумчиларни зарба бериш нуқтасига чиқаришни ўз ичига олган футбол намойиш этишади. Уларнинг ҳаракатини олдиндан уқиш осон, лекин улар бу ишни маромида бажаришади ҳам. 

Италия – Испания ўйинидан кейин дарҳол 3 ҳимоячи билан ўйнаш схемасини ўйлагандим. Пенальтилар сериясига мен таъсир кўрсатмадим. Бу вазиятда ҳар бир футболчи қандай ҳаракатланиш борасида ўзи қарор қабул қилади. Дастлаб зарба берган 5 футболчини тез танладик. Улар жуда тажрибали пенальтистлар. Лекин бугун баъзиларнинг иши юришмади. Ёш футболчилар Киммих ва Ҳектор эса тўғри ҳаракат қилиб ўйинни қутқаришди. Уларнинг асаблари бундай вазиятга дош бера олди.

Французлар — Исландияга қарши ўйинда фаворит, улар ўз уйида ўйнашмоқда ва уларнинг таркиби юқори савияли футболчилардан таркиб топган. Исландлар сюрпризлар тақдим этишмоқда, уларнинг ҳимояси яхши ташкил этилган. Французларга бу ўйинда осон бўлмайди, аммо менимча улар ўз даражасида ўйин кўрсатиб, ярим финалга чиқишади. Биз Францияга қарши ўйнашдан қўрқмаймиз», - деган Лёв. 

Бордодаги «Матмут-Атлантик» стадионида Германияга қарши кечган ўйиннинг асосий вақтида ва қўшимча бўлимлар якунида дуранг қайд этилди - 1:1. 65-дақиқада Месут Ўзил Германияни олдинга олиб чиққанди. 78-дақиқада италияликлар ҳимоячиси Леонардо Бонуччи пенальтини аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирганди.

Немислар жамоаси ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Германия энди ярим финалда Франция – Исландия жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади.

Манба: Tribuna.uz