11:44 / 05.07.2016
21942

Ёз ўтмоқда соз!

“Ақчакол” бўйи қирғоғида жойлашган болалар оромгоҳи ҳар йили ўз қучоғига 1000 нафар болани қабул қилади. Тоза суви, ҳавоси, кўплаб серсоя дарахтлар ҳордиқ чиқараётган болаларнинг саломатлиги мустаҳкамланиб, тўғри ривожланишлари, соғлом ва қувноқ ҳолда вақт ўтказишлари учун қулай шароитларни яратади.

Элликқалъа туманида жойланган “Орол болалари” халқаро ўқув соғломлаштириш оромгоҳида жорий йилда жами 5та сменада 1000 нафар, шунингдек “Гулшан” кундузги соғломлаштириш оромгоҳида 4та сменада 85 нафардан жами 340 нафар бола дам олиши режалаштирилган.

“Орол болалари” халқаро ўқув-соғломлаштириш оромгоҳида болалар дам олиши учун барча шароитлар яратилган, сув бассейнлари, спорт мажмуалари, тўгараклар, кутубхона, маданий дам олиш учун мўлжалланган саҳналар мавжуд.

Ҳозирда учинчи сменада болалар мароқли дам олмоқда. Бу эса уларнинг соғлом фикрлайдиган, етук, баркамол, юрт учун нафи тегадиган ёшлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Вояга етмаган ёшларнинг ёзги дам олишларини мароқли ўтказиш, улар ўртасида соғлом мухитни тўғри шакллантириш мақсадида:

- бу ерда дам олувчи ўқувчи ёшларимиз орасида “Биз ёшлар гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида иншолар, расмлар танлови, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида спорт мусобақалари кенг турда ўтказилмоқда. Шунингдек, “Энг яхши китобхон”, “Оромгоҳ юлдузлари”, “Бизнинг оромгоҳ берган сабоқлар”, “Истеъдодларни излаймиз”, “Фарзанд соғлом бўлса - она бахтиёр” мавзусида танловлар, “Тилаклар гулдастаси”, “Дилкаш давра масканлари” байрам дастури намойиш қилиниб, мустақиллик байрамининг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним” шиори остида концерт дастурлари намойиш қилинмоқда.

Болаларни иқтидорини қўллаб қувватлаш мақсадида, гуруҳлар ўртасида ҳар ҳил мавзудаги саҳна кўринишлари, спектакллар, эртаклар ва мусиқий дастурлар ўтказилмоқда. Қолаверса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман Кенгаши томонидан валонтёрлар бириктирилиб, болажонларга кунлик семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Оромгоҳда дам олувчилар билан “Ёзни Камолот билан” лойиҳалари доимий равишда олиб борилмоқда.

Табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, спорт ўйинлари ва мусобақалар, янги дўстлар билан мулоқот имконияти, турли танловларда иштирок этиш – болага мана шу нарсалар керак. Айнан шу ҳордиқни унутилмас қилади, болаларнинг иқтидорини юзага чиқаради, келгуси мавсумгача бир йилга етарли турли таассуротлар билан бойитади.

“Камолот” ЁИҲ туман

Кенгаши бош мутахассиси Озода Рўзимова

Top