19:41 / 07.07.2016
28363

Матч-ТВ Одил Аҳмедовни 1980 йилда туғилган футболчи сифатида кўрсатди

Ўзбекистон терма жамоаси сардори, Россия чемпионатида иштирок этувчи «Краснодар» жамоаси легионери Одил Аҳмедовнинг ҳақиқий ёшини шубҳа остида қолдирувчи маълумот пайдо бўлди.

Расмий ҳужжатларда 1987 йилнинг 25 ноябрида туғилгани келтирилган футболчи Матч ТВ телеканали сайтида намойиш қилинган скриншотга кўра, 1980 йил 25 ноябрида туғилган.

Телеканал томонидан футболчининг допинг истеъмол қилганини рад қилувчи маълумотлар ҳақида тайёрланган кўрсатувда у 36 ёшда экани кўрсатилган.

Бундан олдинроқ, Россия антидопинг ташкилоти (РУСАДА) 16 июнь куни Россия футбол иттифоқи (РФИ) раҳбари Виталий Мутко номига хат йўллаб, «Краснодар»нинг ўзбекистонлик легионери Одил Аҳмедов ва исландиялик футболчи Рагнар Сигурдссон қонида тақиқланган моддалар йўқлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.

Эндиликда, ўзбекистонлик футбол мутахассислари ва мухлисларда терма жамоа сардорининг ҳақиқий ёши бўйича шубҳалар пайдо қилмоқда.

Қайд этиш керакки, аслида Одил Аҳмедовнинг ёши кичрайтирилмаган, бу РУСАДАнинг хатоси бўлиши ҳам мумкин.

Маълумот учун, Одил Аҳмедов Наманганнинг «Навбаҳор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У кейинчалик Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси академиясида таҳсилни давом эттирган. Кўп ўтмасдан футболчи Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Пахтакор»га келиб қўшилган. У бу жамоадаги илк ўйинини 2006 йилда ўтказган ва кейинчалик тошкентликлар жамоаси етакчисига айланган.

Аҳмедов 2011 йилнинг ёзида Россия чемпионати вакили «Анжи» сафига ўтди. 3 мавсумдан кейин Кубаннинг «Краснодар» жамоаси футболчисига айланди ва ҳозиргача ушбу клуб шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Top