20:02 / 09.07.2016
16818

Ғурури осмон Зиданнинг Матераццини «қулатгани»га 10 йил бўлди

Бундан роппа-роса 10 йил аввал Берлинда жаҳон чемпионатининг финал баҳси ўтказилганди. Ҳал қилувчи ўйинда Франция ҳамда Италия терма жамоалари майдонга тушганди.

Ўйинда французлар ҳисобни очишди. 7-дақиқада жарима майдончаси ичида Флорен Мавлудага нисбатан қўполлик ишлатилди. Ўйинни бошқариб борган ҳакам Орасио Элизондо ҳеч иккиланмай, пенальти белгилади. Пенальтини Франция сардори Зинедин Зидан тепадиган бўлди. У тўпни собиқ жамоадоши Жанлуиджи Буффон устидан Антонин Паненко усулида "ташлаб қўйди". Тўп тўсинга тегиб, дарвозадан жой олди. Жаҳон чемпионати финалида бунақа пенальти тепиш кимнинг қўлидан келади? Зиданнинг!

Кўп ўтмай ҳисоб тенглашди. Андреа Пирлонинг заргарона тўп узатишидан кейин Италия терма жамоаси ҳимоячиси Марко Матерацци бош билан ажойиб тарзда гол урди.

Буни қарангки, айнан мана шу икки гол муаллифлари иштирокидаги вазият финалнинг марказий воқеаси бўлди. Тарих Германиядаги жаҳон чемпинатини ўша воқеа билан эслайди.

109-дақиқа... Ўйиннинг асосий вақти якунланиб, ҳакам қўшимча бўлимлар белгилади. Уларнинг иккинчиси ўтиб бораётганда Зинедин Зидан жамоасининг ҳужумидан кейин ортга қайтаётган эди. У Марко Матераццининг олдидан ўтиб кетаётганда италиялик футболчи Зиданга паст овозда нимадир деди. Аввал Зидан рақибига шунчаки қараб қўйди. Кейин Матерацци яна нимадир деди. Шундан кейин Зидан ўзини боса олмади ва Матераццининг кўкрагига боши билан зарба берди. Италиялик футболчи майдонга қулади... У билан бирга Франция ҳам қулади. Чунки Зидан майдондан четлатилди. Усиз Францияни тасаввур эта оласими?!

Ўша вазиятда нима гап бўлганини ҳеч ким билмайди. Бу нарса фақат Яратганга, Зиданга ва Матераццига аён. Бу борада бутун бошли асарлар ёзилди, Матерацци ҳам тахминан нима деганини айтди, лекин аниқ гапни ҳеч ким билмайди. Аниғи шуки, Зидан инсон учун ғурур, иззат-нафс кўп нарсадан устун эканини исботлади. Жаҳон чемпионати ғолиблигидан ҳам, дунёнинг энг яхши футболчиси, деган номдан ҳам. Жаҳон чемпионати финалида қизил карточка олган футболчига дунёнинг энг яхши футболчиси унвони берилмайди. Зидан шуни билса ҳам, ғурурни биринчи ўринга қўйди.

Айнан мана шу учун Зидан футболнинг қиролларидан бўлиб қолди. Ҳамма уни яхши кўради, ҳамма уни Зизу деб атайди. Ундан ўрнак олишади. Зидан футболчи сифатида ҳам, иснон сифатида ҳам ўрнак бўлишга арзийди. Чунки у Зидан-да!

Манба: Tribuna.Uz

Top