Жамият | 20:49 / 11.07.2016
7234
6 дақиқада ўқилади

Инсон жонининг баҳоси борми?

Зигмунд Фрейднинг фикрича, инсонларда ўзининг ҳақлигини уруш йўли билан исботлаш – туғма инстинктдир.

Олим дунёда мутлақ тинчликнинг ўрнатилишини хом хаёл деб ҳисоблаган. Яна бир тадқиқотчи Эдмунд Лоренц тинчлик – кейинги уруш олдидан нафас ростлаш деб таъкидлаган. Балки инсон, чиндан, урушларда яшаш, урушларда нобуд бўлишга маҳкумдир?.. Жумбоқ ҳақида бош қотирган сари, ечим узоқлашиб бораётгандай туюлади. Балки, шунинг учундир, Ҳақиқат кўпинча хаёл ва ҳаёт орасида қолиб кетади. Унутишга уринаётганингиз – савол эса хаёлот кўчаларида Сизни изма-из таъқиб қилиб келаверади.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да, “уруш”га қуйидагича таъриф берилади: “Уруш – қабилалар, давлатлар ёки ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги уюшган қуролли кураш”.

Бироқ уруш фақатгина юқоридагилар ўртасида бўладими? Агар унинг давлатлар миқёсида олиб борилишини қўя турсак, “уруш”нинг туб моҳиятида нима қолади? “Уруш” сўзининг негизи – “ур”. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га асосан, “ур”, яъни “урмоқ” – қўл ёки бирор бошқа восита билан зарб бермоқ, дўппосламоқ, калтакламоқ”, дея қайд этилган. Агар икки ёки ундан ортиқ киши бир-бирини калтакласа, бир-бирини “уришди” деймиз. Демак, уришмоқ – бу кўплашиб дўппослашмоқдир. “Уришмоқ”дан от ясасак, “уриш”, талаффузга мослаштирсак “уруш” ҳосил бўлади. Демак, бу жараён давлатлар ўртасида кечиши шарт эмас, томонлар бир-бирига азият келтирса бас –  уруш. Зотан, бу сўзнинг ўзини айтишдан чўчисак ҳам, ўзимиз билмаган ҳолда унинг маънодошларини кундалик ҳаётимизда тез-тез қўллаймиз. Икки киши сен-менга бориб қолса, можаро вужудга келди, деймиз. Газак олиб кетса, жанжалга айланган бўлади. Сабаблар ҳақида гапирганда, қарашлар, қизиқишлар, манфаатлар тўқнашувини тилга оламиз. Бир-бирини тушунишмаганига йўйиб тушунмовчилик, келишувга эришилмаса келишмовчилик деймиз. Дипломатик тилда эса буларнинг барчаси бир сўз билан зиддият бўлади.  Ҳаммасининг замиридаги маъно – рақибга зарба бериш, хоҳ жисмоний бўлсин, хоҳ руҳий бўлсин – мавҳ этиш ётади. 

Ҳа, одамзотнинг яқин ва узоқ ўтмишдаги жамики йўқотишлари миллиардларга тенг бўлса-да, қуролланиш пойгасию унинг пировард натижаси бўлган урушларга ҳануз барҳам берилгани йўқ. Ваҳоланки, қирғинбарот муҳорабалари билан тарихга кирган Иккинчи жаҳон урушида яқинларидан жудо бўлиб, ҳамон ўша йиллар алами билан яшаб келаётган одамлар орамизда кўп. Наҳотки ўша жабрдийдалар қаршисидаги қарздорлик ҳиси инсониятни тинчлик учун курашишга ундамаса? Ахир, Бирлашган миллатлар ташкилотини тузишдан мақсад тинчликка эришиш эмасмиди? Бугун дунёда 100га яқин халқаро ташкилотлар борки, бош вазифаси тинчлик ва барқарорлик учун курашишдир. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан то бугунга қадар бўлган даврни ҳисобга оладиган бўлсак, 50дан ортиқ халқаро шартнома урушларнинг олдини олиш учун тузилган. Хўш, нима учун ўша тинчлик сулҳларини имзолаган давлатларнинг ўзлари келишувга амал қилмайди? Нима учун зўр бериб қурол-аслаҳани ишлаб чиқаради? Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда дунё мамлакатларининг қуролланишга сарфлаган маблағлари 1 триллион долларга етди! Шундай экан, тинчликни таъминлаши назарда тутилган ўша халқаро ташкилотлар нима учун тузилди? Нима учун улар ўз вазифаларини бажармайди? Нима учун жамики қуролларни йўқ қилиш талабини давлатлар ҳукуматлари олдига қўйишмайди? Жуда бўлмаганда, қирғин қуролларининг янгилари яратиш тўхтатилмайди?

Бугун дунёнинг 24 мамлакатида уруш ҳаракатлари давом этмоқда. Сомали, Ироқ, Украина, Нигерия, Афғонистон, Колумбияда фуқаролик урушлари айни авжида. Кашмир, Тоғли Қорабоғ, Ғазо сектори ҳудудлари эса давлатларо низоларнинг ўчоғи бўлиб келмоқда. Ҳатто уруш ҳаракатлари бўлмаётган мамлакатларнинг ҳам у ёки бу томон кучларининг тарафдори сифатида урушларга аралашишига тўғри келмоқда. “Икки эшик ораси” романи қаҳрамони Оқсоқолнинг айтган гапи доим эсимда туради: “Ҳаёт иморатидан ғишт қўпориб кетишни истайтиган одамлар ҳар доим топилади”. Ана шундай кучлар ҳоҳиш-иродасига кўра бугун дунё аҳолиси икки жанговар лагер – мусулмонлар ва  анти-исломистларга ажралиш бўсағасида турибди. Германияда эса яқинда Адолф Гитлернинг “Майн кампф” китоби қайта чоп этилди. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Шу китобда илгари сурилган чиркин ғоя орқасидан ёстиғи қуриган миллионлаб кишиларнинг тўлаган бадали – бевақт узилган ҳаётларининг қадри йўқми? Иккинчи жаҳон урушида жон таслим қилган, бедарак йўқолган, ногирон бўлганларнинг ҳаққи-ҳурмати бу китоб чоп этилмаслиги керак эмасмиди?  Бироқ чоп этилди. Энди, айтинг-чи, инсон жонининг баҳоси борми? Бор бўлса, нима учун уни бу қадар арзон баҳолашади?!

Моҳларойим ҚАЮМОВА

Мавзуга оид