Спорт | 12:16 / 13.07.2016
5197
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро аҳолишунослик кунига бағишлаб марафон ўтказилди

Тошкентнинг Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда марафон ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Халқаро аҳолишунослик кунига бағишлаб ташкил этилган мазкур мусобақада хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, уй бекалари, ўқувчи қизлар иштирок этди.

– Президент Ислом Каримов оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга доимий эътибор кўрсатмоқда, – дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миеко Ябута. – Бу борада бир қатор дастурларнинг ҳаётга жорий этилаётгани ана шу ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Ташкилотимиз Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, маҳалла маслаҳатчиларининг соғлом турмуш тарғиботига оид малакасини юксалтириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Марафонда иштирокчилар 1,5 километр масофага югурди. Болалар иштирокида шашка мусобақаси, "Ёз ўтмоқда соз" мавзуида асфальтга расм чизиш бўйича ижодий танлов ўтказилди. Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.