Жамият | 22:06 / 14.07.2016
8486
2 дақиқада ўқилади

Беш ёшли болакай Москва ҳайвонот боғига ишга олинди

Фото: Видеодан олинган кадр

Москва ҳайвонот боғида беш ёшли болакай ишлай бошлади, у ташриф буюрувчиларга ҳайвонлар ҳақида маълумот бермоқда. Бу ҳақда "Комсомольская правда" радиостанциясида ҳайвонот боғи директори Светлана Акулова маълум қилди. 

"Бу кичик бола Илюша Петров. Биз уни "ёш Дроздов" деб атаймиз. Биз уни ҳайвонот боғида тасодифан учратиб қолдик, ходималаримиздан бири у онасига ҳайвонлар ҳақида катталар овозида батафсил гапириб бераётганини эшитган", деб айтди Акулова.

Акулованинг таъкидлашича, бола ҳайвонот боғига расман ишга олинган, маош олади, шунингдек унга махсус кийим тикиб берилган. Директорнинг айтишича, янги ходим китобларни мустақил ўқий олади ва ёш биолог клубига кирмоқчи.

Москва ҳайвонот боғи Европадаги энг қадимийларидан бири ҳисобланади. У 1864 йилда Ҳайвон ва ўсимликларни акклиматизациялаш императорлик рус жамияти томонидан очилган. Ўша вақтда ҳайвонот боғида 294 та жонзот бўлган, ҳозирда эса ҳайвонот боғида 1132 турдаги 5 мингдан кўпроқ жонзот бор.