Жамият | 15:35 / 14.07.2016
28797
3 дақиқада ўқилади

Бировнинг идишида сув ичмоқ ёки “тоза сув” машмашаси

Фото: UzA

2016-йил 24-май куни Тошкент шаҳар хўжалик суди «Societe de produits Nestle S.A.» компаниясининг «Family Group» МЧЖ ҚКга нисбатан аризасини қаноатлантириб, жавобгарни ўз реклама маҳсулотлари ва «Family» ичимлик сувини сотишда, кўп йиллардан бери «Nestle Pure Life» ичимлик суви билан боғлиқ бўлган график чизиқлар ва ранглардан фойдаланишни тақиқлади.  
 
Гап шундаки, «Nestle Pure Life» ва «Family» ичимлик сувларининг савдо белгилари бир-бирига ўхшашлиги, ушбу маҳсулотлардан бирини танлашда харидорни чалғитиши мумкин. Хусусан, «Family» сувини сотиб олаётган киши унинг дунё тан олган савдо белгисига алоқаси йўқлигини бир қарашда ажрата олмайди, деб ёзмоқда Анҳор.уз. 

«De Facto» маркетинг агентлиги ва «Ижтимоий фикр» жамоат фикрини ўрганиш Маркази томонидан алоҳида ўтказилган сўровларга кўра, сўралганларнинг аксарияти «Family»  ичимлик суви «Nestle Pure Life» савдо белгисига тегишли деб ҳисоблашини билдирган. Фақатгина 1.7 фоиз киши янги ичимлик суви Family Group МЧЖ ҚКга тегишли эканини айтган. 
 
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1102-моддасига кўра, савдо белгисига эгалик қилувчи шахс, уни қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолият учун фойдаланиш ҳуқуқига эга. 

Ўзбекистон Республикасининг «Савдо белгилари, хизмат кўрсатиш  белгилари ва маҳсулотларнинг келиб чиқишига оид номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига биноан савдо белгисини рухсатсиз тайёрлаш, ундан фойдаланиш, олиб кириш, сотувга чиқариш, сотиш ёки айланмага чиқариш ёхуд шу мақсадда савдо белгиси ё ушбу савдо белгиси билан белгиланган маҳсулотни сақлаш, бир турдаги маҳсулотларнинг савдо белгиларини ўзаро бир-бирига жуда ўхшаш тарзда аралаштириб юбориш, қонунбузарлик ҳисобланади. 

Шунга кўра, «Societe de produits Nestle S.A.» компанияси халқаро ва миллий қонунчиликларга асосланган ҳолда судга мурожаат қилган ва Тошкент шаҳар хўжалик суди, тақдим этилган далиллардан келиб чиқиб, мурожаатчининг аризасини қаноатлантирган. 

Бироқ, ҳатто муаллифлик ҳуқуқи одобларига риоя этишни хоҳламаган «Family Group» МЧЖ ҚК суд ҳукмидан норозилигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик Судига мурожаат қилган.