Жаҳон | 22:12 / 15.07.2016
5101
2 дақиқада ўқилади

Дубайда "ақлли пляжлар"ни модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда

Дубай ҳукумати маҳаллий пляжларни смартфонларни қувватлаш учун шамол генераторлари ва қуёш батареялари ҳамда "ақлли" ечиниш хоналари ва wi-fi нуқталари билан жиҳозлашни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Дубайнинг сайёҳлик департаменти матбуот хизмати маълум қилди. 

"Дубай ҳукумати Бурж-ал-Араб меҳмонхонаси ёнидаги Умм-Суккайм-2 пляжини модернизациялашни ўтказмоқда. Умм-Суккайм ечиниш хоналари одатдаги хизматлар тўпламидан ташқари, кодли сақлаш камералари билан жиҳозланади", дейилмоқда хабарда.  

Дубай раҳбарияти шунингдек пляжда интернетга бепул кириш нуқталарини ташкиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Интернет-станциялар пальмалар шаклида бўлиб, бир вақтнинг ўзида 50 нафар дам олувчига 53 метр масофада интернетга киришга имкон беради. Бундан ташқари, электрон пальмалардан гаджет ва телефонларни қувватлаш учун фойдаланиш мумкин бўлади. Пальмалар меҳмонларга об-ҳаво ва диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумот кўрсатиши мумкин. Пальмалар қуёш батареяларидан кун давомида қувватланади, кечаси эса пляжни ёритади. Бундай "ақлли пальмалар" шунингдек Жумейра бич ва Ал-Мамзар пляжларида пайдо бўлади.  

"Умм-Суккайм-2" пляжи бошланғич лойиҳа бўлади. Янги қулайликлар мукаммал ҳолатга келтирилгач, биз уни Дубайда жойлашган бошқа пляжларда татбиқ қиламиз", деб айтди Дубай бош директори ўринбосари Обид Ал-Шамсий.

Иккита илк "ақлли пальмалар" Бурж-ал-Араб меҳмонхонаси ёнидаги Умм-Суккайм пляжида ва Zabeel Park боғида 2015 йил августда ўрнатилганди.