Жаҳон | 07:08 / 15.07.2016
18270
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг Ницца шаҳрида уюштирилган ҳужум оқибатида камида 80 киши ҳалок бўлди

Франциянинг Ницца шаҳрида Бастилиянинг олиниши куни шарафига уюштирилган салютдан кейин юк машинаси кўчадаги одамларни босиб кета бошлаган, сўнгра ундаги одамлар отишма содир этган. Охирги маълумотларга кўра, ушбу ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 80 кишини, жароҳатланганлар эса 120 дан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда BFM TV телеканали хабар берди. 

Le Figaro нашрига кўра, 16 кишининг аҳволи ўта оғир, яна 31 кишиники оғир, бироқ барқарор дея баҳоланмоқда.

Воқеа 14 июль маҳаллий вақт билан соат 22:30да шаҳарнинг бош сайилгоҳи – Ўрта Ер денгизи бўйлаб кетувчи Инглиз соҳилбўйисида юз берди. ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилишича, юк машинаси бу ерга байрам муносабати ва салютни томоша қилиш учун тўпланган одамларни зигзаг тарзида юриб, 2 километргача масофада атайлаб босиб кетган, сўнгра ундаги жиноятчилар одамларга карата ўқ узган. Шундан кейин полиция билан отишма бошланган. Бироқ бу хабар ҳозирча тасдиқланмаган.  

Юк машинаси ҳайдовчиси полициячилар томонидан отиб ўлдирилган. Унинг шериклари бўлган-бўлмагани номаълумлигича қолмоқда.

Соҳилбўйида саросима бошланган. Шаҳар мэрияси ҳужумни теракт деб атади ва одамларни кўчага чиқмасликка чақирди.

France 2 телеканалининг маълум қилишича, жароҳатланган одамлар соҳилбўйидаги  Negresco меҳмонхонасига олиб кирилган, бу ер ўзига хос шифохонага айлантирилган ва одамларга зарур биринчи ёрдам кўрсатилган.   

Май ойида Франция ички разведкаси директори Патрик Кальвар мамлакатда Евро-2016 мусобақаси давомида терактлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирганди.