Ницца терактидан кейин Германия ва Италия Франция билан чегараларида назоратни кучайтирди
Испания ортидан Германия ва Италия ҳам Франция ҳукумати билан келишган ҳолда бу мамлакат билан чегараларида назоратни кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.
14 июль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 22.30да Ниццадаги соҳилбўйида Бастилия қалъаси олингани муносабати билан ўтказилган байрам вақтида одамлар тўпланган ҳудудга соатига 60–70 км тезликда ҳаракатланган юк машинаси бостириб кирди.
Охирги маълумотларга кўра, бу ҳужум оқибатида 84 киши ҳалок бўлди ва 100дан ортиқ киши жароҳатланди. Улардан 18 нафари оғир аҳволда.
Кейин ҳайдовчи фургондан тушган ва одамларга қарата тўппончадан ўқ уза бошлаган. Полиция уни отиб ўлдирган.
Ҳукумат бу ҳодисани теракт сифатида баҳолаган.
Бу ҳужум ИШИД томонидан ташкиллаштирилгани иддао этилмоқда.
Бундан олдинроқ, Испания Франция билан чегараларида назоратни кучайтиргани ҳақида хабар берилганди.
Айни вақтда Италия, Испания ва Германиядан Францияга кириб келаётган барча автомобиллар жиддий текширувдан ўтказилмоқда.
Францияда 3 кунлик мотам эълон қилинди.