Жон Кеннеди рафиқасининг кабриолети аукционда сотувга қўйилади
АҚШдаги Mecum аукцион уйи 1961 йилда ишлаб чиқарилган ва бир вақтлар АҚШ президенти Жон Кеннеди рафиқаси – Жаклин Кеннедига тегишли бўлган Lincoln Continental кабриолетини сотувга қўяди.
Тўрт эшикли кабриолет Ford концерни томонидан Кеннеди президентлиги даврида ҳукумат автопарки учун махсус яратилган. Автомобилни Кеннеди ихтиёрида бир неча "Континентал"лар бўлгани учун унинг рафиқасига беришга қарор қилинган.
Кабриолет 300 от кучига эга 7 литрли V8 двигатели ва 3 поғонали автоматик узатмалар қутиси, рул ва тормоз бошқаруви кучайтиргичи, круиз контрол ва электр ойна кўтаргичлар билан билан жиҳозланган.
Ҳукумат автомобилни ҳисобдан чиқаргандан кейин у Мэриленд штати, Ланхем шаҳридаги Стюарт Форд дилерлик маркази томонидан сотиб олинган. Бир неча йил аввал машина тўлиқ реставрация қилинган.
Машина қўйиладиган аукцион Калифорниядаги Монтерей шаҳрида августда бўлиб ўтади. Машинанинг дастлабки нархи ҳозирча кўрсатилмаган.