23:09 / 16.07.2016
14707

«Боинг»нинг сермаҳсул юз йиллиги

Бу йил Американинг Boeing корпорацияси юз йиллигини нишонлайди. Тадбиркор Уильям Боинг 1916-йил 15-июлда АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Pacific Aero Products компаниясига асос солган эди. Бундан 1 ой муқаддам, у ва денгиз муҳандиси Жорж Уэстервельт ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Model 1 ҳавога кўтарилганди. Иккинчи жаҳон уруш аввалида, Boeing компанияси АҚШ стратегик авиациясининг асосий етказувчисига айланиб улгурди. Ҳозирги вақтда Boeing — McDonnel Douglas, North American, Rockwell, Convair каби бир қатор рақобатчи фирмаларни ўз таркибига олган йирик, кенг қамровли авиасозлик корпорациясидир. У, фуқаролик ҳаво лайнерлари, қирувчилар, транспорт ва махсус самолётлар ишлаб чиқаради. Қуйида эътиборингизга корпорация томонидан ишлаб чиқилган энг машҳур маҳсулотлар хусусида маълумот беришга ҳаракат қилдик. 


1.  Бўлғуси мегакорпорациянинг илк самолёти 

Model 1 — бир моторли ўқув сузувчи бипланидир. Баъзан B&W Seaplane деб аталадиган ҳаво машинаси Сиэтлда, фирманинг расмий ташкил этилишидан бир ой аввал, 1916-йил 15-июнда барпо этилган эди. Умуман, бу самолётдан атиги 2 дона ишлаб чиқарилган, Америка ҳаво флоти уларни қабул қилишни рад этди, бироқ, Янги Зеландиянинг учувчилик мактаби ҳаво кемасига қизиқиш билдирди. Шу билан Boeing ўзининг илк экспорт буюртмасига эга бўлди. 


2.  «Учувчи қалъа»

Фирманинг биринчи томмаънодаги йирик лойиҳаси. Оғир, тўртмоторли бомбардимончи самолёт 1938-йили Қуролли кучлар таркибига қабул қилинган бўлиб, Иккинчи жаҳон урушининг тимсолларидан бири ҳисобланади. 1945-йилгача бу самолётдан салкам 12,7 минг дона ишлаб чиқилди. Суратда, бугунги кунгача сақланиб қолган B-17 намуналаридан бирини кўриш мумкин. 

3.  «Суперқалъа»

Бу машина стратегик авиация учун махсус ишлаб чиқилган ҳаво лайнери ҳисобланади. Ундан 1943-46-йилларда жами 4 мингга яқин ишлаб чиқарилган. Бу турдаги самолётлар, Тинч океанидаги жанговар ҳаракатларда кенг қўлланилган. Хусусан, айни шу самолётлар ёрдамида Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланган эди. Суратда, шу турдаги бомбардимончи самолётнинг ягона сақланиб қолган намунаси акс этган. 

4.  Олтимоторли «стратег»

B-29 ўрнини эгаллаган бу самолёт реактив ҳаво лайнери бўлиб, унинг 2000 донаси ўтган асрнинг 50-60-йилларида ўзларининг асосий вазифаси — буйруқ бўлган тақдирда СССРнинг ички ҳудудларига кенг қамровли ядро зарбалари бериш учун шай турган. Уларнинг асосида барпо этилган ва радиоэлектрон шовқин ҳосил қилувчи EB-47 самолёти 1977-йилгача АҚШ ҲҲКга хизмат қилди. RB-47 айғоқчи самолётлари эса, 1950-йилларда совет ҳаво кенгликларининг деярли доимий меҳмонлари бўлишган. 

5.  “Совуқ уруши рамзи”

1952-62-йилларда ишлаб чиқилган B-52 ҳаво лайнери (жами 744 та ишлаб чиқилган), бирмунча жиддий модернизациялардан сўнг, ҳамон Америка қуролли кучлари сафида хизмат қилишда давом этмоқда. Суратдаги B-52, 2016-йил июнь ойида Польшанинг Болтиқбўйи соҳилларида BALTOPS ҳарбий машғулотларида иштирок этди. 

6.  Энг кўп ишлаб чиқилган реактив йўловчи самолёти

1966-йилдан ҳозиргача ушбу ҳаво транспорт воситасининг турли русумларидан 9 мингдан ортиқ ишлаб чиқилган. Аниқроғи «ушбу тасниф»даги дейилса тўғрироқ бўлади, чунки, айни модель негизида турли вазифаларга мўлжалланган ҳар хил самолётлар ишлаб чиқилган. Суратда —Boeing 737-100нинг 1967-йил апрелида бўлиб ўтган синов парвози. 

7.  Дунёдаги биринчи узоқ масофага учадиган кенг салонли самолёт

Бу русумдаги самолётлардан ҳам йўловчи ташишда ҳам юк самолётлари сифатида фойдаланилган. 1968-йили ишлаб чиқарилиши бошланган бу ҳаво лайнерларидан шу пайтга қадар 1,5 мингта ишлаб чиқилган. Суратда, Боинг «747» Эвереттдаги заводдан олиб чиқилмоқда (Вашингтон штати), 1970-йил.

8.  Янги кенг фюзеляжли самолёт

Унинг биринчи ҳавога кўтарилиши 1994-йили амалга оширилди. Шу пайтга қадар, ундан 1,4 мингта ишлаб чиқилган. У, 2005-йилда йўловчи самолётлар орасида узоқ масофага парвоз қилиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Ўшанда, Ҳонконгдан Лондонга шарқий йўналишда парвоз қилган ҳаво лайнери жами 21,6 минг километрни ортда қолдирганди. Парвоз 22 соат-у 42 дақиқа давом этган.

9.  Янги кенгфюзеляжли йўловчи «Боинг»и

2007-йили ишлаб чиқила бошланган янги «Боинг», бирмунча эскирган ва замон талабларига жавоб бермай қолган «767»ларни алмаштириши керак.

10.  Яна бир умри узоқ самолёт

1956-йилда барпо этилган «учувчи танкер», АҚШ ҲҲКларига ҳамон хизмат қилмоқда. Америка ҳарбийларига хос бўлган ҳаво амалиётларининг кенг кўламлиги бу каби лайнерлардан фойдаланишни талаб қилади. KC-135, Boeing 367-80 реактив транспорт самолёти негизида ишлаб чиқилган. 


11.  «Учувчи радар»

Радиолокацион аниқлаш ва бошқарув самолёти каби учар машиналар ҳар қандай замонавий Ҳарбий Ҳаво Кучларининг таркибий қисми ҳисобланади. Улар, ҳаво ва сувусти кенгликларини назорат қилиш баробарида нишонни кўрсатиш ва манзилга йўналтириш вазифасини бажаради. Суратда E-3лардан бири Канададаги Колд Лейк авиабазасига қўнмоқда. 1997-йил, ноябрь.

12.  Кемаларга қарши янги авлод самолёти

Денгиз кемаларига қарши янги авлод патруль самолёти, “совуқ уруш” даврининг маънан ва техник жиҳатдан эскирган тимсоли — P-3 Orion ўрнини эгаллаши керак. Суратда шундай янги  «Посейдон»лардан бири. У, Malaysia Airlines авиакомпаниясининг ғойиб бўлган Boeing 777 самолётини қидириш учун Австралиянинг Перт шаҳри аэропортидан ҳавога кўтарилмоқда. 2014-йил, апрель.

13.  «Боинг» бошқа маҳсулоти

Американинг машҳур авиасозлик корпорацияси фақат самолётлар ишлаб чиқарган, деб ўйлаш янглиш фикрлаш ҳисобланади. У, 1962-йилдан бери ҳарбий сафда туриб келаётган ҳарбий-транспорт вертолётини ҳам ишлаб чиқарган. АҚШнинг Вьетнамдаги урушдан кейинги барча ҳарбий ҳаракатларида қатнашган вертолёт 19-асрларда Шимолий Американинг тубжой аҳолисини қирғин қилиш сиёсатидан омон қолган ҳинду қабилаларидан бирининг шарафига “Чинук” деб номланган. 

14.  Bell компанияси билан ҳамкорлик маҳсули

Ушбу учар қурилма конвертопланлар тоифасига киради. Яъни, унинг двигателлари ўз позициясини ўзгартира олади. Вертолёт сифатида ҳавога кўтарилган конвертоплан винтомоторларини олдинга йўналтириши мумкин. Машина Америка мудофаа вазирлиги томонидан Денгиз пиёда қўшинлари ва махсус амалиёт кучлари эҳтиёжлари учун транспорт-десант ва қидирув-қутқарув учиш воситалари сифатида харид қилинади.

15.  «Боинг» ракеталари

Америка авиасозлик корпорацияси ракета-фазо ишланмаларини ҳам ҳаётга муваффақиятли татбиқ эта олган. Унинг (хусусан баллистик ракеталар ҳам ишлаб чиққан) қанотли маҳсулотларига тўхталадиган бўлсак, биргина тажрибавий орбитал учувчисиз қурилмаси X-37ни эслаш кифоя. Ҳозирги вақтда, унинг тўртинчи синов парвози амалга оширилмоқда. Биринчиси 2010-йилда бўлиб ўтганди. Айни дамда X-37нинг аниқ мақсади ошкор этилмаётган бўлса-да, таҳлилчилар, уни фазовий қурол олиб юра оладиган орбитал разведка қурилмаси деб тахмин қилишмоқда.

Top