Жамият | 13:55 / 16.07.2016
36843
9 дақиқада ўқилади

Туркия босқинчилар қўлига ўтмайди: Мамлакатда содир бўлган воқеалар

15 июль куни, жумадан шанбага ўтар кечаси Туркияда ҳеч ким ухламади, десак асло янглишмаган бўламиз. Тарихда бир неча бор мамлакат сиёсий ҳаётига аралашган Туркия армияси яна бир бор ҳарбий тўнтариш қилишга уринди. Анқара ва Истанбулда ўқ овозлари эшитилди. Шаҳарлар кўчаларида ҳарбий патруллар пайдо бўлди. Аэропортлар беркитилди. Ҳарбий тўнтариш ташкилотчилари маҳаллий телеканал орқали берган баёнотида демократияни ҳимоя қилиш асосий мақсадлари эканлигини урғулашган. Улар қонун устиворлиги сақланиб қолиниши, ҳалқаро алоқалар ўзгармаслигини ваъда қилишди. Уларнинг фикрича, Эрдўғон даврида мамлакатда авторитаризм қарор топиб, инсон хуқуқлари мунтазам поймол этиб келинаётган экан. Ҳарбийлар эндиликда мамлакатни “Тинчлик Кенгаши” бошқаришини таъкидлашди. Дини, ирқи, тилидан қатьий назар барча инсонларнинг хуқуқлари таъминланишига ваъда беришди. Улар тез орада янги конституция қабул қилиниши борасида баёнот бердилар.

Дам олишда бўлган президент Ражаб Тойиб Эрдўғон фуқароларга FaceTime видеоалоқаси орқали мурожаат қилар экан, кўчаларга чиқишларини ва шу тариқа демократияни муҳофаза қилишга чақирди. У вазият барқарорлашмагунга қадар одамлар уйларига қайтмасликлари кераклигини таъкидлаб ўтди.

Туркия армияси мамлакат шаҳарларидаги кўчаларга чиққани тўғрисидаги илк хабар Тошкент вақти билан тахминан тунги 1.00ларда пайдо бўлди. Ҳарбийлар Истанбулдаги Босфор бўғозидаги кўприкларни эгаллаб олишди. Шунингдек, инфратузилма иншоатлари, ҳукумат бинолари, жумладан, Истанбулдаги халқаро аэропорт ва ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг Истанбулдаги биноси ҳарбийлар қўлига ўтгани ҳақида хабар тарқатилди. Давлатга қарашли телеканал кўрсатувларини намойиш қилиш тўхтатилди. Бош вазир Бинали Йилдирим маҳаллий телевидения орқали чиқиш қилар экан, юз бераётган ҳодисаларни ҳарбий тўнтаришга уриниш дея баҳолади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида комендантлик соати жорий қилинди. Орадан кўп ўтмай ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасида тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабларлар пайдо бўлди. Интернет хабарларида танклар Анқарадаги парламент биносини қуршаб олгани ҳақида ахборот тарқатилди. Давлатга тегишли TRT миллий телерадиокомпанияси биносига бир нечта ракета келиб тушгани маълум қилинди. Президент саройи ўққа тутилгани борасида ҳам хабарлар тарқатилди. Шундан сўнг Туркиянинг йирик шаҳарларида президентнинг минглаб тарафдорлари кўчаларга чиқди. Парламент ва медиамарказ жойлашган ҳудудда вазият кескин тус олди.

Аввалига президентнинг қаердалиги очиқ айтилмади. Унинг самолёти пойтахт Анқара аэропортига йўл олди, аммо қўнишнинг иложи бўлмади. Шу сабаб Истанбул томон парвоз қилди. Шунда бир қатор ахборот агентликлари президентнинг Германияга қочиб кетаётгани борасида шов-шувли хабар тарқатди. Бироқ бу хабарлар тасдиқланмади. Тошкент вақти билан 6.00лар атрофида Эрдўғон Истанбул халқаро аэропортида журналистлар олдида пайдо бўлди ва илк баёнот билан чиқди. У жиноятчилар шафқатсиз тарзда жазога тортилишини таъкидлади. Халққа қилган мурожаатида президент ҳарбий тўнтариш иштирокчиларини сотқинлар ва Ватан хоинлари деб атади. Эрдўғон мамлакат оккупантлар қўлига тушиб қолмаслигига одамларни ишонтирди. Президент ўз сўзида Қуролли Кучлар таркибида кескин тозалашлар ўтказилишига ваъда берди.

Бош вазир ўринбосари Мехмет Шимшек Американинг CNN телекомпаниясига берган интервьюсида ҳарбий тўнтаришга бўлган уриниш барбод бўлганини маълум қилди. Ҳукумат назоратни ўз қўлига олганини таъкидлади. Ҳарбий тўнтаришга уринганларнинг айримлари қўлга олинди. Генераллардан бири ўлдирилди. Парламент биносини ўққа тутган ҳарбий вертолёт уриб туширилди. Айни дамда вазият барқарорлашмоқда.

Адлия вазири Бекир Боздагнинг айтишича, ҳарбий тўнтариш ортида ёзувчи ва жамоат арбоби Фатуллах Гулен бошчилигидаги “Хизмат” деб номланмиш ҳаракат турибди. Бироқ ҳаракат раҳбарияти бу айбловларни кескин инкор қилмоқда. Маълумки, айни дамда АҚШда истиқомат қилиб келаётган Гуленга нисбатан Туркияда бир нечта жиноий иш очилган. Бугун эрта тонгда тарқатилган хабарларга қараганда, ҳарбий тўнтаришни бир гуруҳ ҳарбий прокурорлар ва 46 нафар юқори лавозимли зобитлар уюштирган. Айтилишича, армия ичида бўлиниш юз берган. Исёнкорларни фақат Қуруқликдаги қўшинлар ва Ҳарбий Ҳаво кучларигина қўллаб-қувватлаган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳарбий тўнтариш олий мақомдаги генералитет томонидан ташкил этилган бўлиб, ўрта ва қуйи бўғиндаги зобитлар Эрдўғоннинг мурожаатидан кейин ҳукумат томонига ўтган.

Армия, одатга кўра, Туркияда сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиб келади. Ҳарбий қўмондонлар шу тариқа дунёвий давлат асосчиси Камол Отатурк меросини сақлаб қолишга интилаётганларини айтиб келишади. Маълумки, Адолат ва тараққиёт партияси ҳокимиятга келгач Эрдўғон бир неча бор ҳарбийларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини пасайтиришга уринди. Унинг ҳукмронлиги даврида ҳарбий қўмондонлик таркибида бир неча бор тозалашлар ўтказилди. Нафақат армия қўмондонлигига, балки полиция ва махсус хизматларга ҳам Эрдўғон тарафдорлари қўйилди.

Турк Жумҳурияти ташкил этилган даврдан бери ҳарбийлар тўрт марта ҳокимиятни ўз қўлларига олишга интилишган.

1960 йилнинг 27 май куни генерал Жамол Гурсел раҳбарлигида юқори лавозимли зобитлар томонидан ташкил этилган Махфий қўмита буйруғига биноан президент Маҳмуд Жалол Баяр, бош вазир Аднан Мендерес, ҳукмрон Демократик партия вакилларидан иборат ҳукумат аъзолари хибсга олинди. Ҳокимият бошқаруви Жамол Гурсел бошчилигидаги Миллий Бирлик қўмитаси қўлига ўтди. Кейинчалик ҳукумат раҳбарларининг ҳаммаси трибунал томонидан суд қилинди. Бош вазир Мендерес қатл этилиб, Баяр умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди (1966 йилда тўлалигича оқланди). Демократик партия тарқатиб юборилди.

1971 йилнинг 12 март куни Мамдух Тагмач раҳбарлигидаги ҳарбий қўмондонлар 1965 йилдан бери ҳукумат ни бошқариб келаётган Сулайман Демирелни ҳокимиятдан четлаштирди. Маълумки, бир неча кун аввал ҳарбийлар Демирелга меморандум топшириб, унда демократик ҳукумат тузиш талаб қилинган эди. Бироқ бош вазир бу талабни бажармаган эди. Шундан кейин ҳокимиятга келган ҳарбийлар конституцияга ўзгартиш киритиб, армия ролини мустаҳкамлаб қўйишди. Матбуот ва касаба уюшма фаолияти чекланди. Ҳарбий тўнтариш бўлишига қарамай, парламент тарқатиб юборилмади. Нихат Ерим бошчилигидаги янги ҳукумат ҳарбий қўмондонлар чизиб берган чизиқдан чиқмади. Сулайман Демирелга ҳеч қандай айб қўйилмади. Кейинчалик у тўрт марта (1975—1977, 1977—1978, 1979—1980, 1991—1993 йилларда) бош вазир, 1993 йилдан 2000 йилгача президент лавозимларни эгаллашга муваффақ бўлди.

1980 йилнинг 12 сентябр куни генерал Кенан Эврен(Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи) ўзининг тўрт нафар ҳаммаслаги билан Сулайман Демирел бошчилигидаги ҳукумат ағдариб ташлангани борасида баёнот билан чиқишди. Ҳарбийлар томонидан Миллий Хавфсизлик кенгаши тузилди. Ҳукумат ва парламент тарқатиб юборилди, сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари фаолияти тақиқланди. Мамлакат конституциясининг фаолияти тўхтатилди.

1997 йилнинг 28 феврал куни ҳарбийлар Меморандум қабул қилди. Унда Мустаффо Камол Отатурк ташкил қилган дунёвий давлат асослари сақланиб қолиши таъкидланади. Ҳарбийлар талаби билан исломий Партия раҳбари Нажмиддин Эрбакан истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Ҳарбийлар парламентни тарқатмаслик, конституция фаолиятини тўхтатмасликка қарор қилишди.

Энди Туркия Қуролли кучлари ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, ҳарбийлоар сони бўйича жаҳонда 8 ўринда, НАТОга аъзо мамлакатлар орасида эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Туркия армияси Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий денгиз кучлари, Ҳарбий Ҳаво кучларидан иборат. Қуролли можаролар бошлангудек бўлса, Ички ишлар вазирлиги таркибидаги жандармерия ва соҳил қўриқчилари ҳам армияга бўйсинади.

Турк ҳарбийлари армия тарихини эрамиздан аввалги 209 йилдан бошлашади. Бироқ замонавий Туркия қуролли кучлари 1920 йилларда шакллантирила бошлангани айтилади.

Мамлакат конституциясига кўра, президент олий бош қўмондон ҳисобланади. Армияга Бош штаб раҳбарлик қилади. Бош штаб бошлиғи ҳукумат билан маслахатлашувлардан сўнг президент томонидан тайинланади. Қуролли кучлар чақирув асосида шакллантирилади. 20 ёшдан 41 ёшгача бўлган эркакларнинг ҳаммаси ҳарбий хизмат қилишга мажбур. Олий маълумотга эга бўлмаганлар 12 ой, олий маълумотлилар эса олти ой армияда хизмат қилади. 2015 йил ноябрь ойи маълумотларига қараганда, айни дамда Қуролли кучлар сафларида 412,6 минг киши хизмат қилмоқда. (Бунга армиядаги фуқаролар, жандармерия ва сохил қўриқчилари кирмайди). Заҳирадаги ҳарбийлар сони 378,7 минг кишидан иборат. Ҳарбий ҳаво кучларида 1 мингта самолёт, жумладан 200 та (F-4, F-5, F-16) қирувчи самолёт, 450 та вертолёт бор. Ҳарбий денгиз кучларида эса 19 фрегат, 8 та корвет, 13 та сув ости кемаси мавжуд.

​Энди савол туғилади, нима учун ҳарбий тўнтариш уриниши натижа бермади?

Таҳлилчиларнинг фикрича, тўнтаришда нисбатан оз сондаги аскарларнинг қатнашгани, юқори мансабли қўмондонлар ҳарбий тўнтариш уринишини қоралаб чиққани, халқнинг ҳарбий тўнтарувчиларга қарши чиққани ва ниҳоят ижтимоий тармоқларнинг таъсири туфайли тўнтариш барбод бўлган.

Шарофиддин Тўлаганов

Мавзуга оид