20:16 / 18.07.2016
10040

"Мерседес" ҳайдовчисиз келажак автобусини намойиш қилди

Фото: motor.ru

Mercedes-Benz компанияси автоном бошқарув тизими билан жиҳозланган келажак автобусини тақдим қилди. Нидерландиядаги 20 км лик Bus Rapid Transit (BRT) автобус трассасида синовдан ўтказилган концепт Future Bus номини олди.

Прототип Citaro оиласининг серияли автобусларида ишлатиладиган платформа негизида қурилди. CityPilot деб номланган автоном бошқарув тизими кўплаб датчиклар, камералар ва GPS модули ёрдамида ишлайди. "Мерседес"да автопилот автобусни сантиметргача аниқликда бошқара олиши таъкидлаб ўтилди. У светофор сигналлари ва йўлидаги тўсиқларни англай олади ҳамда йўловчиларнинг чиқиш ва тушиш жойларида мустақил тўхтай олади. Автопилот ишлай оладиган максимал тезлик 70 км/соатни ташкил қилади. 

Автобус салонида футуристик ўриндиқлар, шипда катта ахборот дисплейи, чипталарни ўқийдиган инновацион қурилма ва смартфонларни симсиз қувватлагичлар жойлаштирилган. Автобус дизайнерларининг ғояси бўйича, ушлагичлар ўз шакли бўйича дарахтларни эслатиб юбориши керак.  

Салон учта ҳудудга бўлинган. Биринчи ҳудуд ҳайдовчи ортида жойлашган ва "хизмат кўрсатувчи" деб аталади. Иккинчи ҳудуд автобус ўртасида жойлашиб, биринчи навбатда қисқа масофаларга борадиган йўловчилар учун мўлжалланган. Учинчи ҳудуд автобуснинг орқа қисмида бўлиб, ўзидан дам олиш жойини акс эттиради.   

Ушбу автобусларнинг йўлларда пайдо бўлишининг аниқ вақти айтилмаган. "Мерседес"да бундай транспортнинг тарқалиши BRT туридаги йўллар сонининг ўсишига боғлиқлиги айтилди. Компания ўз автобусларини ривожлантириш учун 2020 йилгача 200 млн доллар сарфламоқчи.

Top