18:05 / 20.07.2016
13262

Ўзбекистон аҳолиси 32 миллионга яқинлашди

Фото: ЎзА

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2016 йил 1 июль ҳолатига 31,8 млн кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 231,7 минг кишига ёки 0,7 фоизга ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 2016 йилнинг январь—июнь ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга бағишланган маърузасида айтилади.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16 110 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 15 697 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4 фоиз) ташкил этди.

2016 йилнинг январь-июнь даврида 318 минг бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 20,2 промиллени ташкил қилди (2015 йилда 20,2 промилле бўлган).

Ҳисобот даврида вафот этганлар сони 2016 йилнинг январь-июнь ойларида 73,9 минг ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,7 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,7 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,6 фоизи ўсимталардан, 5,5 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 6,3 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 5,6 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан вафот этган.

2016 йилнинг январь-июнь даври мобайнида 1 ёшгача бўлган болалар ўлими билан боғлиқ 3,7 минг ҳолат қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициенти 10,0 промиллени ташкил этди. Рўйхатга олинган 1 ёшгача ўлган жами болаларнинг 53,5 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 24,4 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 10,2 фоизи туғма аномалиялардан, 3,0 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан вафот этган.

2016 йилнинг январь-июнь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Республика бўйича никоҳ тузиш коэффициенти 5,9 промиллени, никоҳдан ажралиш коэффициенти эса 0,9 промиллени ташкил этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилнинг январь-июнь даврида республика бўйича кўчиб келганлар сони 72,0 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 84,4 минг кишини ташкил этди. Миграция қолдиғи минус 12,4 минг кишини ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 1000 кишига кўпайди (2015 йилда минус 13,4 минг киши бўлган).

Top