19:31 / 21.07.2016
5974

“Энг яхши ишчи касб эгаси” танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Энг яхши ишчи касб эгаси” танлови ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Танловнинг қуйи босқичларида 2,5 мингга яқин  йигит-қиз  қатнашди. Улар пайвандлаш, қишлоқ ҳўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, қурилиш-пардозлаш ишлари, умумий қурилиш устаси, тикувчилик, тикув буюмлари ишлаб чиқариш, сартарошлик, косметология, ошпазлик каби кўплаб соҳаларда ўзлари эришган ютуқ ва маҳоратини намойиш этди. Танловнинг ҳудудий босқичлари якунларига кўра ғолиб деб топилган 86 ёш мазкур лойиҳанинг мамлакат босқичида қатнашиш имконига эга бўлди. 

Шу кунларда 3 босқичда ва 7 номинацияда ташкил этилган танловнинг мамлакат босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда иштирокчиларнинг билим ва маҳоратлари назарий (тест саволлари) ва амалий (касбий-амалий топшириқлар) синовдан ўтказилмоқда. 

Бир неча босқичда ўтказилаётган ушбу танловда айрим номинациялар бўйича дастлабки ғолиблар аниқланди. Жумладан, «Пайвандлаш ишлари (механик) техниги» номинацияси бўйича биринчи ўринни «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти газ-электр пайвандчиси Артём Олхолиқов қўлга киритди. “Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги” номинацияси бўйича биринчи ўринга Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Ҳазорбоғ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шамсиддин Магатов муносиб топилди. “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” номинацияси бўйича биринчиликка Хоразм вилояти Ҳонқа туманидаги қурилиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Руслан Абдураимов сазовор бўлди. “Умумқурилиш ишлари устаси” номинациясида биринчи ўрин Термиз архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Ойбек Содиқовга берилди.  

Ғолибларга Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Top