16:38 / 21.07.2016
11580

Жиҳодчини яширган  жиноятчининг қилмиши фош бўлди

Тошкент шаҳрида яшайдиган айрим кимсалар бировларнинг алдовларига учиб Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида яшашмоқда. Улар Мағфират (исм-шарифлар ўзгартирилган) Имомиддин ва Сабоҳатдир. Бу кимсалар Истанбулда яширин равишда фаолият олиб бораётган “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг аъзосидир. Уларга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ТБ томонидан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда уларнинг барча қариндош-уруғлари билишади.

Бурҳониддин қидирувда бўлган Мағфиратнинг синглиси Муҳаррамга уйланганди. Кунларнинг бирида турмуш ўртоғи унга деди:
- Опам Мағфират ҳозир Туркияда. “Жиҳод” қилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетмоқчи. Эҳтимол унинг ёнига бориб бу фикридан қайтарармиз. Агар опам бу йўлдан қайтмаса, унинг Чилонзор туманидаги 2 хонали уйини сотиш ҳуқуқини қўлга киритиш керак. Туркиядан ишончнома расмийлаштириб келамиз.
Аёлининг бу таклифи Бурҳониддинга ҳам ёқиб тушди. Шунинг учун тижорат қилишга йиғиб қўйган 2.000 АҚШ долларини олиб, турмуш ўртоғи билан биргаликда Истамбулга, қайнопаси яшаётган уйга боришди.

Қора рангда ҳижоб кийган, юзлари юпқа мато билан ёпилган Мағфират ва у билан биргаликда шу ҳовлида яшаётган қидирувдаги Сабоҳат ҳамда унинг турмуш ўртоғи Имомиддин уларга Сурия давлатига “жиҳод” қилиш учун тез орада чиқиб кетмоқчи эканликларини айтишди.

- Мана, телефонимдаги суратларни кўринг, - деди Имомиддин Бурҳониддинга. - Ўғлим Муҳиддинали 17 ёшга кирди. Уни Сурияга юборганмиз. Елкасига автомат осиб тушган йигит бизнинг ўғлимиз бўлади. У Сурия майдонларида жиҳод ҳаракатларида қатнашаяпти. У ўша ерда ўлса тўғри жаннатга тушади.
У ердагилар эру хотинга ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик мақомига эришиш ҳақида кўп ва хўп маърузалар қилишди. 

- Ҳар бир мусулмон киши ислом динини дунёга ёйиш йўлида бошқа мусулмон диёрларига ҳижрат қилиши, ислом динининг душманлари бўлган кофирларга карши жиҳод қилиши, бунинг учун эса жиҳодий амаллар олиб борилаётган юртларга бориб, у ердаги мужоҳид биродарларга қўшилиш, кофирларга қарши жиҳод амалларида қатнашиб шаҳид бўлиш лозим, - деди Имомиддин Бурҳониддинга қараб. Сўнг яна сўзида давом этди: - Ҳар бир шаҳид кетган мусулмон банда охиратда жаннатда бўлади.
Бошқа хонада эса Мағфират синглисини ҳам жиҳод қилишга ундарди:
- Анави эру хотинлар болалари билан биргаликда Ўзбекистонда “ҳижрат” қилиб Сурияга чиқишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган. Улар Сурияда у ерда қурилаётган ислом давлатига бориб “жиҳод” урушларида қатнашишиб, шаҳид бўлиб, жаннатга тушишмоқчи. Мен ҳам Сурия давлатига ҳижрат қилиб чиқиб кетмоқчиман. У ерда шаҳид бўлиб жаннатга тушаман. Сен ҳам мен билан юр, ҳижрат қил!

- Узр опажон. Мен ҳижрат қилишни истамайман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам ҳижрат қилишимга рухсат бермайди, - деди Муҳаррам кўзларини ерга тикиб.
- Ундай бўлса, эринг билан ажраш! Аслида сенлар кофирсанлар! Агарда эринг чин мусулмон бўлганида ҳозирда Сурияда барча эркаклар қатори мусулмон давлатида бўларди
- Опажон, илтимос, бу йўлдан қайтинг. Сурияга борманг. Онам сизни кўзлари тўрт бўлиб кутаяпти. Агар сизга бирон кор-ҳол бўлса онам буни кўтаролмайди. Ўлиб қолади, - дея йиғлади Муҳаррам.
- Бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман! Керак бўлса онамдан ҳам, туғишганларимдан ҳам воз кечаман! Ислом давлатида шаҳид бўлсам, албатта онам билан жаннатда кўришаман! - деди мағрурона Мағфират.

Эру хотин у ерда бир ҳафтача яшаб, уларнинг даъватларини  эшитиб ортларига, Ўзбекистонга қайтишди. Аммо бу ҳақда  ўз вақтида қидирувдагилар тайёргарлик кўраётганлигини, ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билган ҳолда ички ишлар идораларига хабар беришмади.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Бурҳониддин ва Муҳаррамни Тошкент шаҳар ИИББга чақиришиб, нима мақсадда Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб келишганлигини сўрашди.

Улар у ерда юқоридаги даъватларни эшитишганлигига иқрор бўлишди.

Суд Бурҳониддин Абдурасуловни жиноят кодексининг 241-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ундирган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Top