Иқтисодиёт | 15:11 / 25.07.2016
41536
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan АЖга янги раҳбар тайинланди

Ражабов Рустам Бахтиярович GM Uzbekistan акциядорлик жамиятининг янги раҳбарига айланди.

У ижро этувчи орган раҳбари сифатида 18 июль куни акционерлар иштирокида ўтказилган йил якунларига бағишланган йиғилишда 90 кун муддатга сайланган.

Ражабов 2016 йилнинг 20 июлидан ушбу лавозимга тайинланган, шу билан бир вақтда компания Кузатув кенгашига беш киши тайинланган.

Жалилов Тоҳиржон Абдунабиевичнинг ташкилот бош директори сифатидаги ваколати тугатилган.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси 2008 йилда АҚШнинг General Motors (25 фоиз) ва Ўзбекистоннинг  "Ўзавтосаноат" АЖ (75 фоиз) томонидан “ЎзДэуАвто” ЁАЖ ўрнида ташкил қилинган эди. Компания қуввати йилига 250 минг автомобилни ташкил қилади.

Бугунги кунда корхона Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra ва Malibu, Matiz, Spark, Captiva, минивэн Orlando, микроавтобус Damas ва унинг юк ташишга мослашган кўриниши Labo  каби автомобиллар ишлаб чиқаради.

Экспорт қилинадиган автомобиллар Ravon бренди остида сотилади. Булар асосан Nexia, Cobalt, Matiz ва Spark автомобилларидан иборат.

Охирги вақтларда ОАВ Ўзбекистоннинг етакчи корхоналаридан бири бўлган GM Uzbekistan бир неча бор можароларга ўралашиб қолгани ва ҳуқуқни сақлаш муассасалари томонидан текширувлар ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқатганди.