Фарғона вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 34 лойиҳа амалга оширилди
Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 260,1 миллион долларлик маҳсулот юзга яқин давлатга экспорт қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ҳисобот даврида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва ижтимоий дастурларни амалга ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 8,4 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари 10,5, халқ истеъмоли товарлари 16,2, қурилиш ишлари 19,7, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,3, хизматлар ҳажми 14,2 фоиз ўсди.
Фарғона вилоятини 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида 1 минг 138 лойиҳа амалга оширилиб, 9 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 23 саноат корхонасида 34 лойиҳа амалга оширилди, ҳудудий корхоналар томонидан 18,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳам доимий эътиборда. Биринчи ярим йилликда 48 минг 200 иш ўрни яратилди, уларнинг аксарияти қишлоқ жойларида ташкил этилгани эътиборлидир.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 1 минг 340 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига 574,1 миллиард сўм кредитлар ажратилди.