08:57 / 28.07.2016
24647

Собиқ “Ҳандалак”чи энди “Бобомнинг хазинаси”да

Бир пайтлар Ортиқ Султонов ҳамда Зокир Очилдиев иштирокидаги “Ҳандалак” кўплаб ханда иштиёқмандларининг севимли дастурига айланган эди. Бугунги кунда эса “Ҳандалак”нинг собиқ ижодкорлари  алоҳида изланиб, ҳар икки санъаткор ҳам ижод борасида ўзига яраша ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, қизиқчи Ортиқ Султонов комедия жанридаги телесериалга қўл урди. Қуйида сериал тафсилотлари ҳамда “Ҳандалак”нинг эфирга узатилмай қўйганлиги сабаблари ҳақида...

“Ҳандалак” теледастури бош қаҳрамонларидан бири Ортиқ Султоновнинг  режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан ҳамкорликда суратга олган янги,  комедия жанридаги сериали “Бобомнинг хазинаси” дея номланиб, ушбу ҳажвий сериал икки фаслдан иборат. Сериалнинг ғоя муаллифи Ортиқ Султонов. Унда бош ролларда Ортиқ Султонов ҳамда қизиқчи Валижон Шамшиев намоён бўлиб, Валижон Шамшиев Ортиқ Султоновнинг қўшниси ролини ижро этади.   Муаллиф Исмоил Шомуродовнинг “Бобомнинг хазинаси” асари ўтган йилнинг куз ойларида суратга олинганлиги боис, жорий йилнинг куз мавсумида томошабинлар эътиборига ҳавола этиш мўлжалланган. 

Бош қаҳрамон Ортиқ Султонов сериал мазмуни ва суратга олиш жараёнлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди: 
- Ҳаётий воқеаларга асосланиб ёзилган “Бобомнинг хазинаси” асари ёзувчи Исмоил Шомуродов қаламига мансуб бўлиб, 10 йил давом этган ижодий ҳамкорлигимиз асосида бунёдга келди. Унгача 10 йил ичида ёзувчи мени таклифимга биноан кўплаб асарларни ёзди. Аммо ўқиладиган асар билан телеэкран орқали намойиш этиладиган асарнинг бир оз фарқи бўлганлиги боис, “Бобомнинг хазинаси” асари яратилиши ҳам бир оз вақт талаб этди. Суратга олиш жараёнлари қизғин кечди. Сериалнинг биринчи фаслида мен ва Валижон Шамшиев илк маротаба партнёр бўлиб роль ижро этдик. Роль тақсимотида юртимизнинг кўзга кўринган актёрлари ҳам роль ижро этиши кўзда тутилган эди. Афсуски, айрим актёрларнинг машҳур бўлиб олгач,  ўзидан “буюк актёр ясаб олган”лиги боис мен бу таклифга қарши чиқдим. Чунки бундай актёрлар ўзига юқори бино қўйганлиги туфайли, ўзига яраша ҳурмат талаб этади, роль танлайди. Санъат эса буни кўтармайди! Оқибатда кўплаб яратилаётган асарларимизда камчиликлар кўзга ташланиб қолади. Шу боис сериалга ҳали машҳур бўлишга улгурмаган, жумладан, вилоятларда яшаб ижод қилаётган истеъдодли актёрларни жалб этдик. Мақсадимиз ана шу қиёфаларни кашф этиш, элга танитиш, уларнинг очилмаган қирраларини кашф этиб, халққа маданий ҳордиқ, эстетик завқ берадиган, юзига бир чимдим кулгу улашиб, кайфиятини кўтарадиган асарни тақдим этиш...

- Сериал мазмунига қисқача тўхталиб ўтсангиз... 

- Сериалда бош қаҳрамоннинг раҳматлик бобосидан бир сандиқ меърос бўлиб қолади. Сандиқнинг ичида хазина беркитилган бўлиб, сериал бош қаҳрамони уни топишга ҳаракат қилади. Бош қаҳрамон сандиқни излаб, ҳовлисидан тополмайди. Сабаби, хазина қўшнисининг ҳовлисида, тўққиз қадам ичкарида беркитилган бўлади. Бир амаллаб  хазинани қўлга киритгач, уни очиб, ичида китоб беркитилганлигини кўради. Китобнинг ноёблиги шундаки, унда юртимиз тарихига оид кўплаб очилмаган сирлар қайд этилган бўлади... Хуллас, сериалдаги воқеалар кетма-кетлиги кулгу, комедик кадрлар орқали очиб берилган бўлиб, томошабинларга манзур бўлади деган умиддамиз. 

- “Ҳандалак” дастури нега тўсатдан эфирга узатилмай қўйди?  Кўпчилик дастурнинг намойиш этилмай қўйганлиги сиз ва Зокир Очилдиев ўртасидаги муросасизлик сабаб, деган фикрда. 

- Бу гап-сўзлар қуруқ миш-мишларнинг ўзи халос. “Ҳандалак” эфирга узатилмай қўйганлигининг сабаби дастурнинг эфирдаги муддати тугагани эди. Ҳар қандай дастурнинг эфирдаги муддати ўн йил ҳисобланади-да. Сабаби, шу... Қолаверса, ижодий танаффусдан сўнг бўш ўтирганимиз йўқ, кино, клиплар суратга оляпмиз. Ижодкор дўстлар билан биргаликда яратган ижодий намуналаримизнинг баъзилари омадли чиқиб қолади, баъзиси йўқ. Шу тарзда ижодий изланишни давом эттириб келяпман. 

- Орангиздаги муносабат ҳақида тарқалган гап-сўзлар миш-миш деяпсиз, бироқ “Бобомнинг хазинаси” сериалига партнёр сифатида Зокир Очилдиевни таклиф этишингиз ҳам мумкин эди...

- Аслида ҳам сериалга Валининг ўрнига Зокир ўйнаши керак эди. Аммо “Ёшлар” телеканали раҳбарияти – агар бу сериалда ҳам Ортиқ ва Зокир чиқадиган бўлса, томошабинлар чалғиб қолади, экранда “Ҳандалак” бўляпди, деб ўйлашади, деган фикрда ушбу таклиф рад этилди. Шунингдек, бош ролга “Қаҳ-қаҳа” бош қаҳрамони Тоҳир Раҳимов ҳам таклиф этилган эди. Аммо Тоҳир Раҳимов бошқа ижодий ишлар билан банд бўлганлиги боис, ўйлаб-ўйлаб Валижон Шамшиевнинг бош ролни ижро этиши масаласида тўхтадик. Сўнг сценарийдаги Валижонга аталган воқеалар бошидан охиригача ўзгартирилди. Валининг фақат карате спорти билан шуғулланиши саҳнасини сақлаб қолиниб, уни сериалда бутунлай бошқа қиёфада, шоиртабиат қўшни тимсолида кашф этишга уриндик. Ўйлаймизки, биргаликдаги ижод маҳсулимиз куз мавсумида намойиш этилиб, халқимиз учун мароқли сериалга айланиб қолади. 

- Унгача бўш ўтирмасангиз керак?

- Айни дамда сериалнинг иккинчи фаслини суратга олишга тайёргарлик кўряпмиз. Чунки биринчи фаслда бир бирига қарши бўлган икки бош қаҳрамон охирида қуда бўлиб, сериал тўй билан якун топади. Иккинчи фаслда тўйдан кейинги маш-машалар кулгу тарзида очиб берилади.

Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди

Top