LG CNS Ўзбекистон “электрон ҳукумат”ини янгилайди
Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси 2016-2017 йиллар давомида Ўзбекистонда давлат хизматларининг ягона порталини яратади. Бу ҳақда Sputniknews-uz.com хабар тарқатган.
“Давлат хизматлари порталининг янги кўриниши давлат хизматлари ҳаққини электрон тўловлар ёрдамида амалга ошириш ва электрон пул ўтказиш тизимини ҳам ўз ичига қамраб олган бўлади”, — дейилган манба хабарида.
Лойиҳа биргаликда ташкил қилинган LG СNS Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан амалга оширилади. 2015 йилнинг сентябрь ойида ташкил қилинган корхона сармоядорлари LG CNS (51 фоиз) ҳамда “Ўзбектелеком” ва “Илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари маркази” ДУК биргаликда (49 фоиз)ни ташкил қилди. Қўшма корхона “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ва иқтисоднинг бошқа соҳаларида жами 15та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизими 2013 йилда президент Ислом Каримовнинг ҳукуматга берган топшириғидан бошланган эди. Бугунги кунда “Электрон ҳукумат” тизимининг 20дан ортиқ лойиҳаси ишга туширилган. 2015 йил 9 декабрь куни президент «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунга имзо чекди.
LG CNS компаниясига 1987 йилда LG корпорацияси томонидан асос солинган. У Жанубий Кореяда ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатувчи энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Дунё бўйича ўндан ортиқ ҳудудий офисига эга бўлиб, улардаги ходимлар сони олти минг кишини ташкил этади.