19:53 / 10.08.2016
5089

Андижонда Жанубий кореялик мутахассислар иштирокида тиббий кўрик ташкил этилди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Жанубий Кореянинг “Ewha Womans University” госпитали ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий кўрик ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ортопед, кардиолог, педиатр, терапевт, стоматолог, гинеколог, гематолог-онколог каби мутахассислар ҳамда талабалар ва кўнгиллилардан иборат Жанубий Корея делегацияси аъзолари мамлакатимиз шифокорлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Тадбир доирасида Жанубий кореялик шифокорлар Андижон давлат тиббиёт институти фаолияти билан танишди, институт талаба ва магистрлари учун ортопедия ва кардиология бўйича маърузалар ўқиди, шунингдек, тиббий таълимнинг самарадорлигини ошириш, тажриба алмашиш юзасидан мулоқотлар ўтказди. 

Тиббий текширувларда хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар, бепул дори-дармонлар берилди.

Top