Жаҳон | 15:57 / 11.08.2016
4904
1 дақиқада ўқилади

Миср аэропортига сўнгги 10 ойда биринчи сайёҳлар самолёти келиб қўнди

Фото: РИА Новости

Миср араб республикасининг Шарм-аш-Шайх курорт шаҳри аэропортига сўнгги 10 ой ичидаги илк сайёҳлар гуруҳи етиб келди. Бортида польшалик сайёҳлар бўлган самолёт аэропортга муваффақиятли қўнган, деб хабар қилмоқда "Бавабат Ньюз" янгиликлар портали.

Маълумки, Польша ҳукумати, Қизил денгиз соҳилидаги Шарм-аш-Шайх дам олиш масканига сайёҳларни юборишни тақиқлаган эди. Бунга, ўтган йилнинг октябрь ойида Синай яриморолида Россиянинг А321 самолёти ҳалокатга учрагани сабаб бўлганди. 

Нашрнинг аниқлик киритишича, чартер рейси Шарм-аш-Шайхга 180дан ортиқ польяк сайёҳларини олиб келган. Аэропортда уларни гулдасталар, Миср давлат байроқлари ҳамда миллий рақслар билан кутиб олишган. Ҳукумат вакиллари, польшалик сайёҳларнинг ташрифи Шарм-аш-Шайхда хавфсизлик таъминланганини намойиш этишига, шу билан европалик сайёҳларнинг бу ерга келишига туртки бўлишига ишонч билдирган.