11:30 / 11.08.2016
15139

Пахтакор-79: «Занжирнинг узилган ҳалқаси»

11 август кунида миллионлаб ўзбек футбол мухлисларининг қалби тўридан жой олиб, самоларда қолган “Пахтакор-79” йигитларини ёдга олмай иложимиз йўқ.

Ҳар гал Украина, Россия чемпионати ўйинларини кўрганда юрагим армонга тўлиб, ҳаприқиб қўяди. Тўғриси мени бу юрт футболчиларининг ютуқлари эмас, майдон четида шогирдларига кўрсатма бериб, савлат тўкиб турган мураббийларини кўриб ҳаяжонланаман. Агар ўша йигитларимиз тақдир ҳукми билан ҳалокатга учрамаганларида худди Блохин, Буряк, Газзаев, Демяненько ва яна бошқа айни пайтда ўз жамоалари билан майдонларга файз киритаётган тенгдошлари каби мураббий бўлишлари тайин эди. Бир хаёл қилинг-а Ан, Эшбўтаев, Корченов, Агишев, Ашировлар каби футболчилар “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Бухоро” жамоаларини бошқариб, кўзимизни қувонтириб туришганини...

Ҳозирги пайт ўзбек футболининг халқаро майдондаги омадсизликлари айнан “Пахтакор-79”ни ҳалокатга учраши билан чамбарчас боғлиқдек, гўё. Эътибор беринг-а, охирги йилларда жамоаларимизда мураббийлик қилаётган мураббийларнинг кўпи ўша пайтлар биринчи лигаларда тўп сурганлардан. Балки, шунинг учундир савиямиз ҳам шунга қараб ривожланяпти менимча. Уларга ҳам қилаётган меҳнатлари учун ташаккур билдиришимиз керак.  Украинадан Демяненько келиб, бизга Осиё клублари билан қандай ўйнаш кераклигини кўрсатиб кетди. Бу ҳам энди, бир мисолда...

Афсуски, бизнинг украиналик сингари мураббийларимизнинг нечтаси самода қолиб кетган. Дунёда барча нарсалар босқичма-босқич ривожланиб боради. Ўша машъум 11 август куни нафақат бир жамоа, балки ўзбек футболи ривожланиш кетма-кетлигидаги занжирдан бир ҳалқа узилган эди. Лотин Америкаси, Европанинг “мана-ман” деган клубларини ютиб келган (Осиёни-ку қўяверинг) -пахтакорчилардан ишонинг, ажойиб, хеч қандай рақибдан “тап” тормайдиган ҳозирги тил билан айтганда “дух”и баланд мураббийлар чиқиши тайин эди. Майли, тақдир экан. Улар доимо ёдимизда. Мен қуйида, “Пахтакор-79”ни ўз майдонида сўнгги бор ўтказган ўйинини футбол мухлислари ёдига яна бир бор солишни мақсад қилдим, зора бу отахон мухлисларимизни ёдига ўша қувончли лаҳзаларни яна бир бор тақдим этиб, ёш футболчиларимиз бундан сабоқ олсалар.

Сўнгги, видолашув ўйини...

1979 йил 8 август. Тошкент. “Пахтакор” стадиони. Олий лига мусобақаси. Шу куни ўзбек футболчилари 32 минг мухлис қаршисида Ворошиловграднинг “Заря” клубига қарши майдонга тушган эдилар. 

“Пахтакор” таркиби: Покатилов, Собиров, Аширов, Агишев, Загуменних, Корченов, Баканов (Куликов 75), Ан, Макаров (Эшбўтаев), Фёдоров, Чуркин.
“Заря” таркиби: Князев, Полукаров, Малигин, Игнатенко, Рабочий, Сарокалет, Кузнецов, Оленов, Колесников, Куксов, Заваров.

Икки йил давомида биринчи лига (1976, 1977) мусобақаларида малакасини оширган “Пахтакор” олий лигага бутунлай бошқа жамоа бўлиб қайтди. Биринчи йилиёқ чемпион Тбилисининг “Динамо”сини мағлубиятга учратди 3-0. Киевнинг “Динамо”си билан икки марта (2:2, 1:1) дуранг қайд этди, учинчи ўрин соҳиби бўлган Донецкнинг “Шахтёр” клуби устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг эса “Гроза авторитетов” совринини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Пахтакорнинг бошқа жамоаларга ўхшамайдиган, ўзгача томонлари кўп эди, 1978 йил якунларига кўра, жамоа 11-ўринни эгаллаган бўлса-да, жамоа етакчиси – Михаил Ан мамлакатнинг 33 энг яхши футболчиси қаторига кирган. Айтиб ўтиш лозим ўша йили мусобақада фақат чемпион бўлган жамоагина “Пахтакор”дан кўп гол урган эди, холос.

1979 йили “Пахтакор” мавсумни жуда яхши бошлади. Бунга Киевнинг “Динамо”си билан ўз майдонида бўлган ўйинни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Ўшанда Чуркиннинг 1988 йили Ван Бастен томонидан ўткир бурчакдан урилган голга қиёсланадиган голидан сўнг киевликлар мағлубиятга учратилганди.

Шундай қилиб августнинг иссиқ кунларидан бирида “Пахтакор” иккинчи даврадаги биринчи ўйинини ўз майдонида ўтказди. Ўйин бошланиши биланоқ Чуркин ҳисобни очади, лекин ўша пайтнинг машҳур футболчиларидан бири Заваров гол билан жавоб беради. Кейин тиниб-тинчимас Фёдоров тошкентликларни яна олдинга олиб чиқади. Ҳаммасига иккинчи бўлимда Корченов томонидан киритилган гол нуқта қўйди. Шундай қилиб, футболчиларимиз 3-1 ҳисобида ғалаба қозонишади.

Қийинчиликларсиз эришилган ғалабадан сўнг, пахтакорчилар финал ҳуштаги чалингач, мамнун ҳолда стадион туннели орқали ечиниш хонаси томон йўл оладилар. Ҳар доимгидек қизиққон мухлислар панжарадан эгилиб қараб, ўз суюклиларини олқишлар эдилар. Ўша пайтда хеч ким уларни сўнгги марта кўриб турганини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Элмурод Эрматов 
(В. Сафаровнинг “Унутилмас футбол баҳслари” китобидан фойдаланилди )

Манба: Tribuna.Uz

Top