Жаҳон | 11:42 / 11.08.2016
9504
2 дақиқада ўқилади

Украина Қримдаги воқеа сабаб БМТ ХК мажлисини чақиришга тайёр

Украина исталган вақтда БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари мажлисини чақиришга тайёр, деб баёнот берган расмий Киев ҳукуматининг ташкилотдаги доимий вакили Владимир Ельченко.

Ельченко БМТ сайтида эфирга узатилган чиқишида Россиянинг Қримда қўпорувчилик тайёрлангани тўғрисидаги баёнотини фитна деб атаган. 

"Биз ҳар қандай фитналарни муҳокама этишга тайёрмиз ва БМТ ХКнинг йиғилишини чақиришга ҳозирлик кўряпмиз", — деган Украина вакили. Унинг сўзларига кўра, "агар зарурат пайдо бўлса, бу зудлик билан амалга оширилади".

Ельченконинг қўшимча қилишича, у вазиятни "имкон қадар тезроқ" ХК раиси ва БМТ бош котиби билан муҳокама этишни истайди. 

Куни кеча, Россия ФХХ Қримда Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси томонидан тайёрланган қўпорувчиликларнинг олдини олгани хабар қилинган эди. 

Диверсантларни қўлга олиш чоғида, икки нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. ОАВнинг ойдинлик киритишича, ғаразгўйлар республиканинг сайёҳлик масканларида қатор портлашларни амалга ошириб, туризм соҳасига зарба беришни режалаштиришган.