Light | 10:53 / 12.08.2016
25493
5 дақиқада ўқилади

Ақл ишлатишни талаб қилувчи ўйинларнинг тенгсиз усталари

 "Спортчи" деганда кишилар кўз ўнгида қандай инсон гавдаланади? У қадар ўткир ақл соҳиби бўлмаган  мустаҳкам мушаклар...бироқ интеллектуал қобилиятлар ташқи кўринишдан кўпроқ диққатни тортишини ҳамма ҳам англаб етавермайди.

Келинг, спортнинг интеллектуал турлари ҳақида сўз юритамиз. Интеллектуал спорт мусобақаларида кишилар ҳисоблар бўйича беллашадилар. Бугун тўхталиб ўтадиган спортчиларимиз инсон учун энг асосий мускул - мияни мустаҳкамлашади. 

Шахмат бўйича чемпион

Шахмат - икки рақиб учун 64 катакли тахтада махсус шаклларни жамлаган мантиқий стол ўйини бўлиб, у санъат, илм-фан ва спорт элементларини ўзида уйғунлаштирган. Ўйин номи форс тилидан келиб чиққан: "Шах мат" сўзма-сўз таржима қилганда - "шох ўлди", деган маънони англатади.

Свен Магнус Эн Карлсен — Эло рейтингининг 2 700 ва 2 800 пунктни босиб ўтган, ФИДЕнинг расмий рейтингини 19 ёшда бошқарган энг ёш шахматчи. 2013 йилнинг февраль ойидан - Эло рейтинги тарихида энг юқори чўққини (2872 пункт) забт этган спортчи. Магнус Гари Каспаровнинг 13 йил давомида сақлаб келган 2851 пункт натижасидан ўзиб кетиб, рекорд ўрнатди.

2014 йилнинг май ойида рейтингнинг мутлоқ чўққисига чиқди - 2882 пункт. 2013 йилда Time журнали Магнусни "Титанлар" таснифида "Жаҳоннинг энг нуфузли 100 кишиси" рўйхатига киритди. 

Шашка бўйича чемпион

Шашка - оқ ва қора доначалар билан ўйналадиган стол ўйини. Партия пайтида ҳар бир ўйинчининг ўзига тегишли рангдаги шашкалари бўлади. Ўйин мақсади - шашкалар йўлини тўсиш ёки уларни ютиб олиш орқали рақибга йўл қолдирмаслик.

Александр Георгиев — россиялик шашка устаси, тўққиз карра жаҳон чемпиони, уч карра Европа чемпиони. Халқаро гроссмейстер. 

Александр Георгиев Александр Леман билан ҳамкорликда Леман-Георгиев турнирларини ўтказиш тизимини ишлаб чиққан. 

Го бўйича чемпион

Го — Шарқий Осиёнинг қадимий мантиқий ўйини. Икки ўйинчидан ҳар бири ўзига тегишли рангдаги тошлар билан имкон қадар катта ҳажмдаги ҳудудни чегаралаши керак бўлади. 

Ли Седоль — го бўйича 9-дан корейс профессионали, 2010 йилги ёзги Осиё ўйинларида го бўйича жамоавий ўйин ғолиби. Ли Седоль 1996 йил 13 ёшида 1-дан профессионали номини олган. 2002 йилда у ўзининг илк халқаро  мукофотини қўлга киритган. 2010 йилнинг 4 июнида эса у турнирлардаги 800-ғалабасини қозонган. 

2016 йилнинг март ойида Ли Седоль Google DeepMind компанияси томонидан ишлаб чиқилган AlphaGo компьютер дастурига қарши ўйнаган ва беш партиядан бирида ғолиб бўлган. 

Рубик кубигини йиғиш ва бошқотирмаларни ечиш бўйича чемпион

Рубик кубиги - 1974 йилда венгриялик ҳайкалтарош ва меъморчилик муаллими Эрне Рубик томонидан ихтиро қилинган (ва 1975 йилда патентланган) механик бошқотирма.

Феликс Земдегс — Рубик кубигини йиғиш бўйича жорий рекорд соҳиби ва бошқа кўплаб бошқотирмаларнинг етакчи йиғувчиси. У 44 марта жаҳон рекордини ўрнатган. У 2008 йилда 12 ёшида бошқотирмаларни ечишни бошлаган ва атиги 71 кундан кейин унинг ўртача йиғиш вақти 20 сониядан камроқни ташкил қилди. 2010 йилнинг 30 январида у инсонлар орасида биринчи марта 9,21 натижа билан расман sub-10 (10 сониядан кам) даражасига кўтарилди. 

У Рубик кубигини тезликка йиғишда ҳақиқий инқилоб содир этди. Феликснинг навбатдаги рекордидан сўнг собиқ чемпион Эрик Аккерсдейк у ҳақида шундай деган: "Мен жаҳон рекордларининг янги таснифларини яратишни таклиф қиламан, бири Феликснинг ақл бовар қилмас натижалари учун махсус ва бири оддий одамлар учун. Агар шундай қилинмаса...мен кетаман".

Counter-Strike бўйича чемпион

Counter-Strike — дастлаб Half-Life ўйини модификацияси сифатида ишлаб чиқилган компьютер ўйинлари серияси. Ўйиннинг асосий ғояси - икки жамоа - террорчилар ва контр-террорчилар қаршилиги. Мақсад - карта вазифасини бажариш ёки рақибларни йўқ қилиш.

Даниил Тесленко — Zeus лақаби билан танилган украиналик киберспортчи. Counter-Strike профессионал ўйинчиси. Natus Vincere жамоаси ўйинчиси. Counter-Strike  тарихидаги энг яхши капитанлардан бири ҳисобланади. Жамоасининг 7 совринига қўшимча равишда у яна бир шахсий мукофотни қўлга киритган - Arbalet Cup Asia'нинг энг яхши ўйинчиси. Шу билан бирга Arbalet Cup Best of Four'да энг яхши фрагер бўлган. Даниил ўйинда стратегик фикрлашни қўллайди, воқеалар ривожини олдиндан айтиб, жамоалари ҳаракатларини тўғри йўналтиради.