Жамият | 14:52 / 16.08.2016
11529
3 дақиқада ўқилади

Бухорода «Мунозара» ўйинларига старт берилди

Жорий йилнинг 15-18 август кунлари Бухоро вилоятида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳудудий Кенгашлари қошидаги «Мунозара» тўгараклари жамоалари ўртасида III республика турнири ўтказилмоқда. Турнирда, Тошкент ва Бухоро вилоятидан иккитатадан жамоа, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан биттадан жамоа иштирок этмоқда.

«Мунозара» тўгараклари фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад — мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантириш, ўқувчи-талабаларда ватанпарварлик ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларга ўртага қўйилган муаммога холис ёндаша олиш, ўз фикрларини асослаш ва аниқ баён қилиш малакаларини шакллантиришда кўмак бериш ҳамда тўғри йўналтиришдан иборат.

Бугунги кунда жойларда «Мунозара» тўгаракларига жалб қилинган 4000 нафардан ортиқ ўқувчи ва талабалар ўртасида “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Китоб — тафаккур хазинаси”, “Ёшлар ва интернет”, “Оммавий маданият — милий маданиятнинг кушандаси”, “Ижтимоий тармоқлар фойдадан кўра кўпроқ зарарли”, “Оммавий маданиятнинг жамиятга таъсири”, «Компьютер ўйинларининг ёшлар маънавий онгига салбий таъсири» каби бир қатор мавзуларда мунтазам машғулотлар олиб борилмоқда.

Иштирокчилари тадбирнинг биринчи кунида Бухоро вилояти темир йўл вокзалидан тантанали кутиб олинди ҳамда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти И. Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Кўҳна ва боқий Бухоро» маданий маркази ва Бухоро шаҳрининг тарихий масканларига саёҳат уюштирилди.

Куннинг иккинчи қисмида турнирнинг очилиш маросими ва иштирокчи жамоалар учун тажрибали мураббий ва республика мусобақалари ғолиблари томонидан намунавий «Мунозара» ўйини ўтказилди. Шунингдек, жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

16-17 август кунлари жамоалар «Кинофильмлардан кўра спектакллар фойдали», «Миллийлик замонавийликдан афзал», «Инсон камолотида ижтимоий муҳит муҳим» мавзуларида саралаш баҳсларида иштирок этадилар.

«Мунозара»да иккита: «Тасдиқ» ва «Инкор» жамоалари ўз позициялари бўйича мавзу юзасидан аниқ факт ва далилларни, аргументларни келтирган ҳолатда ўз фикрларининг ҳақли эканлигини асослаб бериши керак. Ҳар бир жамоа уч нафар спикердан иборат бўлиб, бир спикерга олти дақиқа, икки ва уч спикерларга беш дақиқадан вақт берилади. Ҳакамлар ўйин якунида Низом асосида жамоаларни баҳолайдилар.