Жаҳон | 22:29 / 23.08.2016
7850
2 дақиқада ўқилади

Николя Саркозининг президент лавозимига қайтишига деярли 80 фоиз французлар қарши чиқмоқда

22 августда Франция президенти лавозимига сайловларда иштирок этиш истагини билдирган, мамлакатнинг собиқ президенти Николя Саркозининг президент лавозимига қайтишига 79 фоиз французлар қарши чиқишмоқда. Бундан Elabe компанияси томонидан ўтказилган сўровнома натижалари гувоҳлик бермоқда.

Тадқиқот маълумотларига кўра, респондентларнинг 54 фоизи ҳеч қандай вазиятда Саркозини давлат раҳбари этиб сайламасликларини, 25 фоиз респондентлар эса буни унчалик исташмаётганларини айтишган.

Шу билан бирга сўровноманинг 21 фоиз иштирокчиси Саркозини қўллаб-қувватлаб чиқди, улардан 9 фоизи унга "шубҳасиз" овоз беришларини айтишган.

Қизиқарлиси, ўнг ва центристлар тарафдорларининг кўпчилиги – 54 фоизи Саркозини қўллаб-қувватлашмаяпти ва унинг ўрнига Бордо шаҳри мэри Ален Жюппенни хуш кўришмоқда.

Французлар Саркозининг шахсий сифатлари борасида унинг қатъиятлилиги (73 фоиз), ҳаракатчанлиги (67 фоиз) ва мардлигини (54 фоиз) қайд қилиб ўтишган. Шу билан бирга 27 фоиз респондентларгина Саркозининг ҳалоллигини қайд қилиб ўтишди.  

Сўровнома 22-23 августда ўтказилган ва унда 1000 респондент қатнашган.

Саркози Франция президенти лавозимини 2007-2012 йиллар давомида эгаллаган. У биринчи муддати якунлангандан кейин навбатдаги президентлик сайловларида қатнашган, бироқ 2-босқичда Франсуа Олландга ютқазиб қўйган.

 

Мавзуга оид