100 ёшдан ошган 14 нафар кишига "Шуҳрат" медали берилди
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 24 август кунги "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига биноан 14 нафар 100 ёшдан ошган ўзбекистонлик "Шуҳрат" медали билан мукофотланди.
“Турли вилоятлардан ёши 100дан ошган 12 онахон ва 2 нафар отахонлар, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида билан “Шуҳрат” медали билан мукофотланди”, — дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу қарорда, ўз меҳнати билан халқ орасида обрў қозонган турли соҳаларнинг илғор мутахасиссларини ҳам тақдирлаган. Уларга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, ирригатор, чорвадор, пиллачи, саноат ходими, қурувчи, транспорт ходими, авиация ходими ва алоқа ходими унвонлари берилган.
“Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга фахрий унвонлар берилсин”, — дейилган қарор матнида.
Тақдирланганлар рўйхати:
Оталиқова Ҳайитхон - Андижон шаҳри, Андижон вилояти;
Есемуратова Олмахон - Чимбой тумани, Қорақалпоғистон Республикаси;
Исаева Нишон - Бахмал тумани, Жиззах вилояти;
Исроилов Исмоил - Юнусобод тумани, Тошкент шаҳри;
Мадаипова Мунаввар Ашурали қизи - Гулистон тумани, Сирдарё вилояти;
Мустафоева Тўй - Пешку тумани, Бухоро вилояти;
Пирматова Хурсаной - Янгийўл тумани, Тошкент вилояти;
Пирматова Морияхон - Наманган тумани, Наманган вилояти;
Рустамов Мақсад - Пайариқ тумани, Самарқанд вилояти;
Рўзметова Ёқут - Хонқа тумани, Хоразм вилояти;
Тўраев Ҳайит - Олтинсой тумани, Сурхондарё вилояти;
Умарова Ҳувайда - Бувайда тумани, Фарғона вилояти;
Эргашева Ҳурой - Нурота тумани, Навоий вилояти;
Юсупова Уролой - Нишон тумани, Қашқадарё вилояти.
“Нуроний” жамғармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда ёши 100дан ошган 8700 киши истиқомат қилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2015 йилнинг май ойидан бошлаб 100 ёшдан ошган кексаларга энг кам иш ҳақи – 130 245 сўм миқдорида қўшимча тўловлар жорий этилган.