Ўзбекистон | 08:38 / 27.08.2016
15571
2 дақиқада ўқилади

“Ҳукумат болалар нигоҳида” веб-сайти энди қорақалпоқ тилида ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарлигида “Ҳукумат болалар нигоҳида” (www.kids.gov.uz)  веб-сайти қорақалпоқ тилида “сўзлай” бошлади. Бу ҳақда «Kun.uz»га Uzinfocom хабар қилди. Эндиликда, янада кўпроқ болажонлар ушбу веб-сайт орқали давлат нима дегани, қандай вазирликлар бор, уни ким бошқаради, нима учун армия керак каби кўплаб саволларга жавоб олишлари, шунингдек ҳукумат тузилиши ҳақида кенг тушунчага эга бўлишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу “Ҳукумат болалар нигоҳида” лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳанинг мақсади, ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг тадбиқ этиш ишларининг мантиқий давоми бўлиб, болажонларда “Давлат” ва “Ҳукумат” ҳақида тасаввурлар, Ўзбекистон ҳақида умумий тушунчалар, ҳамда болажонларнинг ҳуқуқий билимларини шакллантиришга ҳизмат қилади.

Мазкур “Ҳукумат болалар нигоҳида” веб-сайти Ўзбекистон Республикасидаги юртимизда ишлаб чиқилган шу туркумдаги илк лойиҳа ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазирлиги раҳбарлигида «Ўзинфоком» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг 13 июнида ишга туширилган.

Шунингдек, ушбу веб-сайтда Ўзбекистон Республикаси ва ҳукумат тузилиши ҳақида умумий маълумотлар содда матнлар ва расмлар ёрдамида тасвирлаб берилган бўлиб, ундан бошланғич синф ўқувчилари дарс жараёнида фойдаланишлари ҳам мумкин.

Умид қиламизки, мазкур веб-сайт кичик фойдаланувчиларга манзур бўлиб, уларнинг “Давлат” ва “Ҳукумат” тўғрисидаги билим ва тушунчаларини оширишга хизмат қилади.

Мавзуга оид