11:11 / 29.08.2016
6714

Британиялик спортчи Ла-Манш бўғозида 16 соат давомида сузгач ҳалок бўлди

Британиялик спортчи Ник Томас Ла-Манш бўғозини ёлғиз сузиб ўтишга ҳаракат қилиб, ҳалок бўлди. Уни Франция қирғоқларидан 10 миль масофада (16 километрга яқин) ҳушсиз ҳолатда топишган. Бу ҳақда BBC News хабар тарқатди.

Томас 27 август куни тонгида Буюк Британиядаги Дувр портидан сузишга чиққанди. Тахмин қилинишича, у стартдан 16 соат ўтиб қийнала бошлаган ва ҳушидан кетган. Томас касалхонага келтирилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Унинг ўлими ҳақидаги хабар Буюк Британия ТИВ томонидан тасдиқланган.

Шунингдек, Франция ташқи ишлар вазирлиги британиялик спортчининг оиласига ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Shropshire Star нашри ёзишича, Томас 45 ёшда эди, у қурилиш компаниясида ишлаган. Шунингдек, триатлон бўйича мусобақаларда иштирок этган. Томас Ла-Маншдан 2014 йилда ҳам сузиб ўтган эди. Бўғознинг узунлиги 540 километрни ташкил қилади.

Top