Жамият | 09:53 / 10.09.2016
6404
1 дақиқада ўқилади

WikiLeaks ахборотчиси очлик эълон қилди

WikiLeaks сайтига махфий маълумотларни тақдим этгани учун 35 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Челси Мэннинг очлик эълон қилгани ҳақида Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

Америка армиясининг собиқ аскари, жинсини ўзгартириш нияти борлиги сабаб уни Челси деб аташларини сўраган Брэдли Мэннинг, жинсини ўзгартириш билан боғлиқ етарли тиббий муолажа кўрсатилмаётгани сабабли очлик эълон қилган. Махфий маълумотларни ошкор қилувчи сайт ҳамкори, унинг ҳурмати жойига қўйилишини ва инсоний муомалада бўлишларини талаб қилаяпти. 

2015 йилдан эътиборан аёллик гормонларини истеъмол қилаётган Челсининг шифокорлари, қамоқхонада унинг аёлларга хос соч турмаги қилишга рухсат беришларини сўраган. Бироқ, бунга изн берилмаган. Унинг сўзларига кўра, дастлаб Челси бу ҳақда ҳурмат билан илтимос қилган, энди очлик воситасида мақсадига эришмоқчи.