Жамият | 08:18 / 17.09.2016
6264
2 дақиқада ўқилади

Америкалик машҳур драматург Эдвард Олби оламдан ўтди


Америкалик драматург, Пулитцер мукофоти соҳиби Эдвард Олби 88 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Драматургнинг ўлими ҳақида унинг шахсий ёрдамчиси хабар берган. Олби Нью-Йорк штатининг шарқида жойлашган Монток шаҳридаги шахсий уйида вафот этган. Ўлим сабабларига ойдинлик киритилмаган, фақат унинг диабет билан оғригани маълум холос. Маълум қилинишича, драматург бир неча йил муқаддам вафотидан сўнг эълон қилинишини васият қилган мурожаатнома ёзиб қолдирган.

«Менинг ҳаётимни нурга, қувончга ва бахтга тўлдирган ҳар бир кишидан миннатдорман ва ўз муҳаббатимни изҳор этиб қоламан», — деб ёзган Олби.

Маълумот учун: Эдвард Олби — машҳур «Ким Виржиния Вулфдан қўрқади?» пьесаси муаллифи ҳисобланади. У ушбу асарни 1962 йилда ёзиб тугатган. Америкалик драматург, шунингдек, «Беқарор мувозанат», «Денгиз манзараси» ва «Уч нафар баланд бўйли аёл» асарлари учун уч карра Пулитцер мукофотини қўлга киритган.

Мавзуга оид