09:50 / 19.09.2016
8399

«Эмми» тақдимотида «Тахтлар ўйини» сериали энг асосий мукофотни қўлга киритди

Ёзувчи Жорж Мартиннинг «Муз ва олов қўшиғи» номли туркум романлари асосида суратга олинган, фэнтези жанридаги «Тахтлар ўйини» (Game of thrones) сериали АҚШнинг энг яхши телевидение дастурлари мукофоти 68-«Эмми»нинг бош совриндори бўлди. Мукофот сериал режиссёри Мигель Сапочникка топширилди.

Сериал эфирга узатилаётган 6 йил мобайнида қаторасига иккинчи марта «энг яхши драма» номинациясида ғолиб бўлди. Сериал шу вақтгача олган мукофотлари сони 38тага етди.

Сериал 2011 йилнинг апрелидан буён Time Warner тизимига кирувчи HBO телеканали орқали намойиш этиб келинмоқда. Ҳозиргача афсонанинг 6 мавсуми намойиш этилган, еттинчи мавсумни суратга олиш ишлари бошланган. Еттинчи мавсум премьераси 2017 йил 24 апрель куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бу йўналишда ғолиблик учун "Даунтон аббатлиги" (Downton Abbey), "Картадан қурилган уй" (House of Cards), "Яхшиси Саулга қўнғироқ қил" (Better Call Saul), "Ватан" (Homeland), "Мистер Робот" (Mr. Robot) ва Америкадаги КГБ агентлари тарихидаги "Америкаликлар" (The Americans) сериаллари ҳам даъвогарлик қилганди.

Сиёсий жанрдаги «Вице-президент» (Veep) энг яхши комедия деб топилди. 

«Эмми» мукофоти 1949 йилдан буён ҳар йили топшириб келинади ва «Оскар»нинг телевизион эквиваленти ҳисобланади.

Мавзуга оид
Top