11:31 / 22.09.2016
21794

«Qizilqumsement» цемент заводи бош директор лавозимига танлов эълон қилди

Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводларидан бўлган «Qizilqumsement» АЖ бош директор лавозимига танлов эълон қилди. Бу ҳақда nuz.uz сайти хабар берган.

Акционерлик жамияти сайтида бош директор лавозимига даъвогарлар учун талаблар ўзбек, рус ва инглиз тилларида келтирилган.

Унга кўра, даъвогар олий касбий таълим даражасига эга бўлиши, раҳбар лавозимларда камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим ҳисобланади.

Номзоднинг хорижий тилларни билиши, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари соҳасида сертификати мавжудлиги қўллаб-қувватланади.

Номзод қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, менежмент ва маркетинг соҳаларида билимларга, корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти таҳлилини амалга ошириш қобилиятига эга бўлиши лозим.

Номзодлар томонидан ҳужжатларни топшириш муддати шу йилнинг 20 октябрь, соат 18.00га қадар этиб белгиланган.

«Qizilqumsement» ОАЖ 1994 йили Навоий цемент комбинатини Очиқ турдаги акционерлик жамиятига айлантириш йули билан ташкил қилинган. Ишлаб чиқариш ҳажми - йилига 3 млн 430 минг тонна цемент.

«Qizilqumsement» АЖ томонидан 10дан ортиқ турдаги қурилиш маҳсулотлари (цемент маҳсулотлари, шифер, плиталар, деворбоп блоклар, асбестоцементли маҳсулотлар, электродлар, цемент қадоқлаш қопчалари, бетон ва темир бетонлар) ишлаб чиқарилади.

Top