Фан-техника | 00:33 / 06.10.2016
7507
2 дақиқада ўқилади

АҚШда самолёт "тузатилган" Galaxy Note 7 ёнгани сабабли эвакуация қилинди

Фото: Brian Green

Southwest Airlines авиакомпаниясининг АҚШнинг Луисвилл шаҳридан Балтиморга учиши керак бўлган 944-рейси парвоз олдидан Galaxy Note 7 ёниб кетгани сабабли эвакуация қилинди. Қурилма хавфсиз деб белгиланган янги смартфонлар партиясига тегишли бўлган. Бу ҳақда The Verge нашри хабар бермоқда. 

Воқеа 5 октябрда маҳаллий вақт билан эрталаб юз берган. Брайан Грин исмли америкалик ўзининг Galaxy Note 7 смартфонини парвоз олдидан ўчириб, чўнтагига солиб қўйган. Шу пайт смартфон тутунланишни бошлаган. 

Смартфон эгаси уни чўнтагидан олиб, дарҳол полга улоқтирган. Бу орада тутун кулранг-яшил рангга кира бошлаган. Самолёт экипажи ва йўловчилар дарҳол эвакуация қилинган. Қимматбаҳо нарсаларни олиш учун самолётга қайтган гувоҳларнинг айтишича, смартфон ёниб, гилам қопламани тешиб юборган.

Америкаликнинг айтишича, қурилма 80 фоизга қувватланган бўлган ва у смартфонни харид қилгандан кейин уни қувватлаш учун фақатгина расмий симсиз қувватлагичдан фойдаланиб келган. 

Смартфон эгасининг айтишича, у қурилмани 21 сентябрда AT&T оператори дўконидан сотиб олган. Смартфон қутисида қора квадрат белгиси бўлган. Бу белги смартфон алангаланишга текширилгани ва хавфсиз эканлигини билдиради. Компания айнан шундай смартфонларни уларнинг алангаланиши билан боғлиқ можародан кейин сота бошлаган ҳамда биринчи партиядан сотиб олинган смартфонлар ўрнига берган. 

Samsung ҳозирча бу ҳолатга изоҳ бермаган, бироқ қурилма Луисвилл ўт ўчириш департаментига тергов учун берилган. Гриннинг айтишича, у энди iPhone 7’дан фойдаланмоқда.

Рейс бекор қилинган, йўловчилар эса бошқа самолётларга жойлаштирилган.

Samsung аккумуляторлар портлаши сабабли миллионлаб Note 7’ларни қайтариб олгач, қурилманинг бу камчиликдан тузатилган версиясини Жанубий Кореяда сота бошлаган. Бир кунда у ерда 21 мингтага яқин "тузатилган" Note 7 сотилган.

 

Мавзуга оид