Жамият | 22:54 / 26.10.2016
10586
2 дақиқада ўқилади

АББА гуруҳи яна бирлашишга қарор қилди

Фото: Daypic.ru

АББА швед поп-гуруҳининг 4 нафар аъзоси – Агнета Фельтског, Бьорн Ульвеус, Бенни Андерссон ва Анни-Фрид Лингстад янги рақамли кўнгилочар лойиҳага тайёргарлик кўриш учун бирлашишга қарор қилишди. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, лойиҳа ўзида виртуал реаллик ва сунъий онгни мужассамлаштиради. Шоу продюсери Spice Girls гуруҳининг собиқ менежери Саймон Фуллер бўлади.

"Биз аввал ўзимизга тасаввур қилмаган, кўнгилхушликнинг янги кўринишларини яратишга имкон берадиган янги технологик оламни ўрганмоқдамиз", деб айтилди Фуллер хабарида. 

Гуруҳ аъзоларидан бири Анни-Фрид Лингстаднинг айтишича, гуруҳ мухлислари анчадан бери мусиқачиларнинг бирлашиши имкони ҳақида сўраб келишмоқда.

"Умид қиламанки, АББАнинг янги лойиҳаси мен каби уларни ҳам қизиқтиради", деб айтди қўшиқчи.

Янги шоунинг тафсилотлари кейинги йилда маълум бўлади.

АББА гуруҳи 1972 йилда ташкил топган ва 1982 йилда тарқаб кетган. 10 йил давомида гуруҳ 8 та альбом чиқарган ва Скандинавиянинг энг муваффақиятли поп-гуруҳи бўлган: гуруҳнинг альбомларининг умумий нухаси 350 млн донадан ошиб кетган.

Гуруҳ тарқаб кетгандан кейин улар бир мартагина – 2016 йил июнида Ульвеус ва Андерссон ижодий ҳамкорлиги бошланишининг 50 йиллик шарафига бирлашишганди.