Спорт | 11:21 / 26.10.2016
23010
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги илк футбол клуби ташкил топганига 159 йил бўлди

Фото: ВВС

Олис 1846 йилда Кембрижс университети вакиллари Г. Де Уинтон ва Жон Чарльз Тринг бошқа хусусий мактаблар вакиллари билан учрашув ўтказганди. Ўтакетган расмиятпараст инглизларнинг ўша учрашуви 7 соату 55 дақиқа давом этганди. Якунда «Кембриж тартиблари» номли ҳужжат юзага келган. Бу футбол қоидаларига оид илк ҳужжат эди. Кейинроқ, 1862 йилда Жон Тринг бу ҳужжатни таҳрирлаб «Энг оддий ўйин» номи остида қайта нашр қилган.

Қоидалар рўйхати:
1. Қачонки, тўп дарвоза тўсини остидан ва устунлар орасидан ўтса, гол бўлган деб ҳисобланади. Тўп қўл билан дарвозага отилиши бундан мустасно.
2. Тўпга қўл билан фақат бир ҳолатда тегиш мумкин: уни зарба учун нуқтага ўрнатаётганда.
3. Зарбалар фақат тўпга берилиши керак.
4. Ҳавода учаётган тўпга оёқ қўйиш тақиқланади.
5. Рақибни чалиш, силтаб тортиш ва унинг оёғига тепиш тақиқланади.
6. Тўп ён чизиқдан чиқиб кетганида уни майдондан чиқариб юборган футболчи айнан чиқиб кетган нуқтасига қайтариши керак.
7. Тўп дарвоза чизиғидан ўтиб кетганида тўп чиқиб кетган жойидан ўйинга қайтарилиши керак.
8. Тўп ўйинга қайта киритилаётганида рақиб футболчилари бу нуқтадан камида 6 қадам масофада туриши керак.
9. Футболчи тўпдан олдинга ўтиб кетса, «ўйиндан ташқари» ҳолатда деб ҳисобланади ва дарҳол тўпдан орқага ўтиши керак бўлади. Агар тўпга унинг жамоаси эгалик қилаётган бўлса, «ўйиндан ташқари ҳолатда»ги футболчи тўпга тегиши мумкин бўлмайди. У тўпга ўзидан бошқа футболчи текканидан кейингина унга югуриши керак бўлади.
10. Футболчи «ўйиндан ташқари ҳолат»да қолганида, унга рақиб томонга ҳужум қилиш тақиқланади. У  «ўйиндан ташқари» ҳолатдан чиққачгина, ҳужумга ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

Англиядаги энг кўҳна жамоа қайси? "Челси"ми? Йўқ. "Ливерпуль"ми? "Ливерпуль" ҳам эмас. "Манчестер" клублари ҳам эмас. Буни ёши каттароқ мухлислар билишади. Бу "Шеффилд" Айнан Шеффилддаги крикет жамоаси 1867 йилнинг кузида дунёдаги илк футбол клубини ташкил қилишган. 

Шеффилдлик йигитлар ўз қоидалари бўйича футбол ўйнашарди. Улар бунинг учун кўплаб рисолалар нашр қилишган. Айнан шеффилдликлар туфайли бир тўп ортидан югурувчи йигирма икки киши ҳақидаги латифалар тўқилган. Агар Шеффилддаги жамоа бўлмаганида рақамлар бошқача, 28 ёки 54 кўринишида бўлиши ҳам мумкин эди.

1863 йилнинг 23 октябрида яна бир ташаббускор жентльмен Эбензер Коб Морли Лондондаги 11та клуб вакилларини «Ҳур ғишт терувчилар» қовоқхонасига йиққан. Улар пиво ичиб дунёдаги энг кўҳна футбол ассоциациясини ташкил қилишган.

Ўша йилнинг 1 декабрида ўтказилган йиғилишда, ФА ягона футбол қоидаларини белгилаб олади. Бунга «Кембриж қоидалари» ва Шеффилд қоидалари асос бўлган. Бу қоидаларда қўл билан ўйнаш ва рақиб оёғига тепиш тақиқлангани учун регби вакиллари хафа бўлишади ва кетиб қолишади. Улар ўз спортларини ҳақиқий эркакча спорт эканини ҳайқириб айтишади.

ФА ўз таъсирини бутун Англияга ёйиши учун 10 йил сарфланади. Футболнинг Футбол Ассоциацияси билан бирга оммалашувининг биринчи омили Англия Кубоги (ёки Футбол ассоциацияси кубоги) ўтказилиши бўлган. Бу турнир илк марта 1871-72 йилги мавсумда ташкил қилинган. Бу ажойиб ғоя муаллифи Чарльз Олкок эди. Англия Кубогининг илк ғолиби эса "Уондерерс" номли ҳаваскорлар жамоаси бўлган.

Манба: Tribuna.uz

Мавзуга оид