Жаҳон | 10:50 / 28.10.2016
5151
3 дақиқада ўқилади

Сеулда бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Сеул миллий университети қошидаги Осиё мамлакатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот марказида бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Жанубий Корея эксперт-таҳлилчилари, шу жумладан, МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганишга ихтисослашган Халлим, Донгдук ва Кемёнг сингари олий ўқув юртларининг таниқли экспертлари иштирок этди.

Иштирокчилар мамлакатимизда халқаро ҳуқуқий нормалар, хусусан, БМТ, ЕХҲТнинг тегишли низомларига мувофиқ яратилган сайлов тизими қонунчилиги билан танишди. 

Осиё мамлакатларини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази (SNUAC) директори Канг Мёнг Гунинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сайлов нормалари, қонунчилигининг тизимли ва босқичма-босқич демократлаштирилиш ҳамда либераллаштирилиши самарасида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда том маънодаги очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик тамойилларига асосланган демократик амалиётга мувофиқликни таъминлайдиган барча шарт-шароит яратилган.

Ўз навбатида Сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар департаменти директори, SNUAC қошидаги Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш минтақавий маркази раҳбари Шинм Бом Шик тадбирни бошқариб, мазкур давра суҳбати Жанубий кореялик экспертларга Ўзбекистоннинг халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилган сайлов тизимини янада чуқурроқ тушуниши учун яхши имконият яратганини таъкидлади.

Шундан сўнг Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Кемён университети сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар факультети профессори Чон Дэ Ван мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини бўлажак сайловлардан кейин янада чуқурлаштиришдан Жанубий Корея томони учун муҳим ва манфаатли эканини таъкидлади. Шу боис икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сақлаш ҳамда янада чуқурлаштириш юзасидан томонлар қараши умумийлиги билдирилди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда ислоҳотларни босқичма-босқич чуқурлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Жумладан, фуқароларнинг сайлаш ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган сайлов мустақиллигини таъминлаш ҳамда сайлов қонунчилигини ривожлантириш соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

2009 йил февраль ойида ташкил этилган Сеул миллий университети қошидаги Осиё мамлакатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот маркази Осиё мамлакатларини ўрганиш бўйича минтақавий ва тематик тадқиқот дастурлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали тадқиқот лойиҳалари ҳамда ахборот алмашиш бўйича халқаро дастурларни амалга ошириб келади.

Бугунги кунда марказ Шимоли-Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё ва Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот марказларига эга, еттита илмий дастурни амалга оширмоқда ва ижтимой фанлар бўйича йирик ўқув-илмий базаси мавжуд. 

Марказ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Турин политехника университети, Тошкент тиббиёт академияси сингари олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 
 

Мавзуга оид