14:39 / 03.11.2016
11853

Volvo ўз тарихидаги энг қимматбаҳо седанни тақдим қилди

Фото: Autonews.ru

Volvo ўз тарихидаги энг қимматбаҳо тўрт эшикли автомобиль – Excellence версиясидаги S90 седанининг узайтирилган вариантини тақдим қилди. Янги машина биринчи бўлиб Хитойда сотувга чиқарилади ва унинг бошланғич нархи 74 минг долларни ташкил қилади.

Фото: Autonews.ru

S90 L ўзининг базавий вариантидан ғилдираклар базаси 10,5 сантиметрга узайтирилгани билан фарқланади. Бунинг эвазига орқа ўриндиқ учун жой катталашди, бу ерда оёқлар учун кўпроқ жой қолдирилди ҳамда эшик дарчалари кенгайтирилди. Бу машинани ҳам оддий, ҳам Excellence тўплами билан буюртирма қилиш мумкин. Машина Excellence вариантида усти шаффоф том, музлатгич, массаж функциясига эга ўриндиқлар, оёқларни қўйиш учун тортиб чиқарилувчи столча ва мультимедиа тизими модули билан жиҳозланади.

Фото: Autonews.ru

S90 L двигателлари стандарт седанникидан фарқ қилади. Янги машинани 249 ва 320 от кучига эга T5 ва T6 бензинли моторлар ва 407 от кучига эга T8 индексли гибрид куч қурилмаси билан буюртма қилиш мумкин.

Фото: Autonews.ru

Янги машина биринчи босқичда Хитойда Geely билан тузилган қўшма корхонада ишлаб чиқарилади. Шведлар Хитойда шундай автомобилдан 2020 йилгача 800 мингта ишлаб чиқаришмоқчи.
 

Top