Жаҳон | 19:47 / 09.11.2016
18050
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг ғалабасидан сўнг намойишлар бошланди: Калифорния АҚШ таркибидан чиқмоқчи

Фото: Reuters

АҚШ президенти сайловида республикачи Дональд Трампнинг ғалабасидан сўнг, Калифорниянинг Окленд шаҳрида норозилик намойиши бошланди. Бу ҳақда RT хабар тарқатди.

Кўчага чиққан оломон «Бу бизнинг президент эмас!» ва «Бу кимнинг кўчалари? Бизнинг кўчалар!», дея ҳайқирмоқда.

Шаҳарда турли объектларга ўт қўйишлар бошланган.

Twitter ижтимоий тармоғида #Calexit (Brexit — British exit муқобили, Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши). Калифорнияликлар алоҳида давлат тузишмоқчи.

Бир фойдаланувчи бундан буён ўзини америкалик деб эмас, калифорниялик деб ҳисоблашини билдирган.

Кимдир эса, Калифорния суверен давлатга айланса, дунёдаги иқтисоди кучли давлатлар олтилигига киришини айтган.

«Нега #Calexit бўлмас экан? Бир тарихий воқеа ортидан иккинчиси. Бу Гитлернинг президентлигидан яхшику», — дейилган яна бир твитда.

CNN маълумотларига кўра, айни вақтга келиб, Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп талаб этилган 270 овоз ўрнига 289 овоз олиб, демократлар вакили Ҳиллари Клинтонни катта фарқ билан ортда қолдирган (218 овоз, Калифорния штати ўз овозларини Клинтон учун берганди). Трамп Барак Обаманинг ўрнини келгуси йилнинг январида эгаллайди.

Калифорния — АҚШдаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган штат ҳисобланади - деярли 40 миллион киши. Тинч океани билан туташган бу ғарбий штат қўшма штатларнинг ЯИМ ҳажми бўйича энг биринчи ўриндаги штатидир.

Мавзуга оид