Спорт | 22:30 / 11.11.2016
6557
2 дақиқада ўқилади

Капелло: Ибраҳимовични гол уришга айнан мен ўргатганман

Таниқли итальиялик мутахассис Фабио Капелло Златан Ибраҳимовични у 2004 йилда «Ювентус»га келишидан олдин ҳам яхши билганини айтиб ўтди.

«Ибраҳимовичда ҳавас қилгулик техника бор эди. Мен „Ювентус“га бош мураббий бўлганимда раҳбариятдан Златанни олиб келишни сўрадим. Мен уни 1 йил олдинроқ, „Рома“ бош мураббийи эканимда ҳам ўз жамоамда кўришни истагандим, аммо ўшанда бизда Тотти, Кассано, Батистута, Монтелла ва Дельвеккио каби юқори савияли ҳужумчилар бор эди.

„Ювентус“даги илк машғулотлардан кейин мен Златаннинг зарбаси ўйлаганимдан кучсизроқ эканини пайқадим. Ҳа, у бош билан ўйнашда ҳам қойилмақом эмасди. У кўпроқ шерикларига пас беришни хуш кўрарди. Мен эса у ҳужумни якунлашда тез ва ҳал қилувчи қарор қабул қила олишга ўрганишини истадим.

Унда техник салоҳият юқори эди, худди ван Бастенда бўлганидек. Мен Златанни Марконинг видеоларини кўришга мажбурладим. Ундан ван Бастен жарима майдони ичкарисида қандай ҳаракатланишини ва қандай қилиб голлар уришини диққат билан кузатишини сўрадим. Ибра барчасини тўғри тушунди. Унинг натижалари бунга далил.

Златан ўзини такомиллаштириш учун кунига икки марта қаттиқ шуғулланарди. У ўзи билан фахрланарди. Унга энг зўри бўлиш ёқарди», — деган Капелло Mediaset Premium эфирида.

Мавзуга оид