16:08 / 13.11.2016
7529

Ироқ ҳарбийлари Мўсул яқинидаги яна бир шаҳарни ИШИД жангариларидан озод қилди

© AFP

Ироқ ҳарбийлари якшанба куни Мўсул шаҳридан жануби-шарқда жойлашган қадимий Нимруд шаҳрини ИШИД жангариларидан тўла озод қилди. Бу ҳақида Al Sumaria телеканали ҳарбий қўмондонликка асосланган ҳолда хабар берган.

Нимруддаги қадимий хароба бинолар инсоният маданий тарихининг бир қисми ҳисобланади. Шаҳарга милоддан аввалги XIII асрда асос солинган, бу шаҳар ўша даврнинг энг қудратли давлати бўлган Оссурия давлати пойтахти эди. ИШИД жангарилари шу йилнинг мартида бу қадимий харобаларни бульдозерлар воситасида йўқ қилиб ташламоқчи бўлган, аммо қадимий осори-атиқаларга деярли зиён етказа олишмаганди.

Ўтган ҳафтада ҳарбийлар Аббос-Ражаб ва Номания аҳоли тураржойларини жангарилардан озод этганди. Нимруд ҳарбий ҳаракатлар давомидаги озод этилган иккинчи катта шаҳар бўлди.

Ироқ армияси курд ҳарбий бўлинмалари ва АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция иттифоқчилари билан бирга Мўсулни озод этиш учун қарийб бир ойдан бери уруш олиб бормоқда.

Top