Жамият | 16:14 / 15.11.2016
29687
14 дақиқада ўқилади

Ислом жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб қайтарган ва шундай бўлиб қолажак

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида бўлаётган жараёнларга имом–хатиблар ўз муносабатларини билдиришлари, адашган оқимларнинг пуч даъволарига илмий, асосли раддиялар беришлари, уларнинг хатарли ғояларидан мусулмонлар оммасини сақлаш ва одамларга соф ислом таълимотларини мағизини тушунтириш ҳамда ислом эзгулик, тинчлик дини эканлигини етказишлари асосий вазифа ҳисобланади.

Оқил ҳаётдан, тарихдан ибрат олиб яшайдиган кишидир. Бу мақола орқали эътиборингизга тарихга муҳрланган ана шундай ибратли насиҳатни ҳавола қиламиз. Ўқиб ҳозирги замонда дин ниқоби остида ҳар қандай хунрезликни қилишга тайёр ғаламисларнинг асл башарасини билиб оласиз.

Машҳур муаррих Абулқосим Алий ибн Ҳасан ўзининг «Тарихи мадина ад–Димашқ» асарида: «Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Шом фатҳига эҳтимоми» бобида қўмондонларга насиҳатларини келтирганлар. Ўша воқеани қисқача тафсилоти келтириб ўтсак.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу амирлардан бирини Шомга жўнатаётиб ўнта насиҳат қилганлар. Бу воқеа ўн учинчи ҳижрий йили бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу насиҳат қилган зот Язид ибн Абу Суфён эди. Бу насиҳатлар уруш ҳолатида қўмондонларга қарата айтилган. Уруш вақтида ҳам ушбу ўн насиҳатга амал қилиш керак ва лозим бўлса, тинч ўлкаларда одамларни қирғинбарот этиб, обод жойларни вайрон қилаётган ваҳшийларнинг ишларига нима дейиш, қандай баҳо бериш мумкин?!

Ўша ўн насиҳат қуйидагилар:

1. Харгиз аёл кишини, 
2. ёш болаларни, 
3. ёши катта кексаларни ўлдирма.

Ислом динида аёллар қадрланади, эъзозланади. Бунга зид бўлган ҳар қандай ишлар қораланади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларидан баъзисида бир аёл ўлдирилган ҳолда топилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл ва болаларни ўлдиришни қаттиқ инкор қилдилар»Имом Муслим ривояти.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ғазотларидан баъзисида бир аёл ўлдирилган ҳолда топилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл ва болаларни ўлдиришдан қайтардилар», деди. Имом Муслим ривояти.

Бу ҳадиси шарифни Имом Бухорий, Молик, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Доримий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлар ҳам ривоят қилганлар.

Бир марта Тоифда ўлдирилган аёлни кўриб:
«Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим?!», деганлар.

Ислом динида инсонийлик нуқтаи назаридан шахсга берилган олий баҳога эътибор қаратинг!

XVIII асрда Европада аёл кишини одам қаторига қўшиш керакми ё йўқми деган масала муҳокама этилаётган бир пайтда Ислом дини бундан ўн тўрт аср муқаддам урушда аёлларни ўлдириш мумкин эмас деган қатъий қонунни эълон қилиб қўйган эди. Бу эса Ислом заифларга ёрдам қўлини чўзувчи, инсонпарвар дин эканлигини кўрсатади.

Уламоларимиз юқорида ўтган ҳадислардан заифларга кучини кўрсатиш оғир гуноҳ, ҳаром амал деган ҳукмни чиқарганлар. Жумҳур уламолар эса: «Уларнинг ўзлари қатл қилишни қасд қилмасалар» – деган қайдни қўшадилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл ва болаларни ўлдиришдан қайтардилар». Бу ислом динини бошқалардан яққол ажратиб турувчи ҳукмларидан бири.

Инсонлар урушда аёллар, болалар, қариялар ва ота – оналарни ўлдириши одат тусига кириб қолган даврда биринчи бўлиб уларни қатл қилиш ҳаром деган ҳукмни Ислом эълон қилди. Бу ҳукмни муҳофаза қилиш ва унга жиддий эътибор қаратишда ислом умматидек халқни топа олмайсиз.

Уруш вақтида заифларни қийнаш ва уларни ўлдиришдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб турган бўлсалар – тинч яшаб турган аҳолини, айниқса, заифларни умрига зомин бўлиш энг ёмон, энг жирканч, ҳеч қандай инсонийлик тамойилларига тўғри келмайдиган ёвуз иш эканлиги маълум бўлади.

Бу ерда заифлар – аёллар, болалар, қариялар ва ота – оналар ҳақида сўз юритилган бўлса–да баъзи фақиҳлар бу рўйхатга бошқаларни ҳам қўшганлар.

Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Кўр, ақли ноқис, ногирон (паралич), эшикларини беркитиб олиб, инсонларга аралашмайдиган черков аҳллари ўлдирилмайди», деган. Абу Ҳанифа ва асҳобларининг гапи ҳам шу.

Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: «Кекса, аёл ва кўр, ногирон (паралич)лар ўлдирилмайди», деган.

Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ер ҳайдовчи, зироат қилувчи (деҳқон), ёши кекса, жинни ва роҳиблар ўлдирилмайди», яна «Мен мевали дарахтни кесишни ёки каниса ё бошқа обод жойларни вайрон қилишни кариҳ кўраман», деган.

Лайс раҳматуллоҳи алайҳ: «Черков ичидаги роҳиб ҳам ўлдирилмайди. Унга молидан емиш қолдирилади», деган.

Динимиз адолатли, бағрикенг дин. Диний бағрикенгликка катта этибор қаратган. Бошқаларнинг муқаддас деб санаган нарсаларига ҳурмат кўрсатиш, роҳибларни қатл қилмаслик ва черковларни бузмаслик ҳақидаги айтилган сўзлар гапимизнинг амалий исботидир.

4. Мевали дарахтни кесилмайди;
Дарахтларга оид ҳукмлар синчиклаб ўрганиб чиқилганда қуйидаги хулоса келиб чиқди. Дарахтларни пайхон қилмаслик керак хусусан у мевали бўлса.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар соясидан фойда олиб турган дарахтлар остига бавл қилиб лаънатга сабаб бўлиб қолишдан қайтарганлар. Бундан соя берувчи дарахтлар инсонлар эҳтиёжи бўлгани боис уларни бекордан – бекор, бесабаб кесмаслик келиб чиқади. Мевали дарахтларга келсак, уларни кесишда молни исроф ва зое қилиш бор. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам молни исрофи ва зое қилишдан қайтарганлар.

5. Ободни хароб қилма;
«У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди». (Ҳуд сураси 61 оят)

 Ояти каримада Аллоҳ таоло бизни ерни ободлиги йўлида ҳаракат қилишимизга буюрмоқда.

«Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг». (Аъроф сураси 56 оят)
Обод жойларни вайрон қилиш илоҳий таълимотларга зид иш бўлиб, ер юзида «фасод қилма» наҳийси остига кирувчи қабиҳ амалдир.

6. Қўй

7.ва туяларни емоқдан бошқа сабаб учун ўлдирма;
Қўй ва туялар хослаб айтилгани кўп учраши эътиборидан. Йўқса, бошқа ҳайвонларга ҳам зулм ўтказиш мумкин эмас.
«У зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом–озуқаларингиз улардан бўлур. Яна сизлар учун улар кечқурун ўтлоқдан қайтаётган ва тонгда ўтлоққа кетаётган пайтида бир чирой – файз бўлур. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб, зўр–базўр (машаққат билан) етадиган юртларга юкларингизни элтиб берур. Албатта, Парвардигорингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.» (Наҳл сураси, 5–8 оятлар)

«Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз–ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик–эгадирлар–ку! Биз уларга ўша (ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар. Улар учун ўшаларда манфаатлар ва ичкиликлар бор. Ахир шукр қилмайдиларми?! (Ёсин сураси, 71–оят)

Саҳл ибн Ҳанзалийядан ривоят қилинади:«Саҳл ибн Ҳанзалийя айтадики: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бели қорнига ёпишиб кетган (ориқ) туянинг олдидан ўтдилар ва: «Бу безувон ҳайвонларда Аллоҳга тақво қилинглар. Чиройли мининглар, чиройли енглар», дедилар». Абу Довуд ривояти.

Нофеъ ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Бир аёл мушук сабабли азобга гирифтор бўлди. Уни қамаб қўйган эди, ўлиб қолди ва у сабабли дўзахга кирди. Уни қамаганига яраша едириб ичирмади. Уни қўйиб юбормади ҳамки, ердаги ҳашоротлардан териб ерди»,–дедилар». Муслим ривояти.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қарамоғидагиларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади»,–дедилар». Абу Довуд ривояти.

Ҳайвонни қаттиқ уриш ёки қамаб қўйиб, қаровсиз қолдириш ёхуд тоқатидан ортиқча нарсани юклаш ҳам катта зулмдир.

Фақиҳлар ҳайвонларга меҳр – мурувват юзасидан улардан эгаси борларига диёнатан нафақа қилиш вожиб эканлигига иттифоқ қилишган. Шундай бўлсада ҳайвонига инфоқ қилмайдиган кишини унга мажбур қилинишида ихтилоф қилганлар. Ҳанафийлар «Зоҳирур ривоя»да: мажбур қилинмайди. Чунки ҳаққа мажбурлаш соҳиби уни талаб ва хусумат қилган вақтда бўлади, дейишган.

Абу Юсуфдан мажбур қилинади деган ривоят бор. Чунки ҳайвонни оч қолдириш унга бефойда азоб бериш ва молни зое қилиш демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳаммасидан қайтарганлар. Яна бу иш чиройли оқибатдан холи бўлгани сабаб аҳмоқликдир.

Аллоҳ инсон ва ҳайвонни тоқати етмайдиган нарсага буюрмади. Боласига зарар қилса сутини соғиш ҳаром ҳисобланади. Елинини жароҳатламаслиги учун тирноқларни олиш суннатдир.

Буни қарангки, безувон ҳайвонлар жисмига шикаст етмаслиги учун тирноқларни олиш суннат ҳисобланса, мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонни сабабсиз жароҳатлаш ёки ўлдириш қайси ақлга тўғри келади?!

8. Ариларни ёқма ва ғарқ қилма. Бошқа бир ривоятда хурмони ёндирма ҳам дейилган.

Арилардан мурод асаларилар. Уларни ёндириш ёки сувға ғарқ қилиш мумкин эмас. Нима учун? Чунки улар ҳам бир уммат–да!

«Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир». (Анъом сураси, 38 оят)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Пайғамбарлардан бирини чумоли тишлаб олди. Чумоли қишлоғига ўт қўйишга буюрди. Шунда Аллоҳ унга ваҳий қилди: Агар сени бир чумоли тишлаган бўлса тасбеҳ айтадиган умматлардан бирини ёндириб ташлайсанми?!»
Бошқа бир ривоятда хурмони ёндирма ҳам дейилган.

Юқорида ҳар қандай дарахтларни пайхон қилмаслик ҳақида сўз юритилди. Хурмо ҳам дарахт сифатида ўша насиҳат остига киради – ку, дейишингиз мумкин. Ҳақиқатда бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Қуръони каримда йигирмадан ортиқ жойида хурмо сўзи келган. Хурмони фазилатлари борасида ҳадисларда мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони суйиб истемол қилганлар. Шу боис алоҳида зикр қилган бўлишлари мумкин. Буни усулда умумдан кейин хосни зикр қилиш қоидаси дейилади.

Ўт қўйиш ёки ёндиришга келсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ёндирган чумоли уясини кўриб «Бунга ким ўт қўйди?», «Парвардигордан бошқанинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ», деганлар. Демак, бундан ўт қўйиш ёки у билан азоблаш фақатгина Аллоҳнинг Ўзига хос иш эканлиги келиб чиқади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ислом дини заруратсиз, ҳеч қандай ҳожат ва сабабсиз дарахтларни пайхон қилишдан қайтаришининг ўзиёқ табиат муҳофазасига қанчалар эътибор берганини кўрсатади.

9. Хиёнат, ўғирлик қилма
Ўлжадан ҳали у тақсим қилинмай олдин хиёнат қилиб ёки ўғирлаб олма.
Хиёнат ва ўғирлик гуноҳи кабира. Бу борада жуда кўп оят ва ҳадислар мавжуд.

10. Қўрқоқлик қилма
Урушдан қўрқоқлик қилиб қочма. Чунки ҳадисларда урушдан қочиш гуноҳи кабира эканлиги таъкидланган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, айтилган гапларнинг ҳаммаси уруш вақтига қайдланганлиги, ҳатто уруш вақтида ҳам ҳаддан тажовуз қилмаслик кераклиги келиб чиқади. Мусулмонлар бу қоидаларга минг йиллардан бери амал қилиб келганлар. Бу борада бошқаларга ўрнак бўлганлар.

Турли оқим ва фирқалар эса юқорида айтилган ўнта насиҳатнинг аксарига балки уларнинг ҳаммасига хилоф қилади.

Ислом дини дарахтни пайхон қилма, ҳайвонни қийнама, ҳатто чумолига озор берма, деб бонг уриб турган бир вақтда ерда фасод қилиб, мавжудотлар гултожи жонига тажовуз қилиш нимаси?!

Энг ачинарлиси туб аҳолиси мусулмон бўлган халқлар бу ситамлардан энг кўп жабр чекмоқдалар.

Манба: Ummat.uz

Мавзуга оид