Спорт | 19:10 / 15.11.2016
11443
8 дақиқада ўқилади

Зидандан, Джекогача. Футбол тарихидаги бемаъни ҳаракатлар туфайли олинган қизил карточкалар

ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги Греция ва Босния терма жамоалари ўртасидаги учрашувда меҳмонлар ҳужумчиси Эдин Джеко ғайритабиий ҳаракати учун майдондан четлатилди. Ушбу ҳолатдан кейин футбол тарихидаги шунақа бемаъни ҳаракатлар натижасида юзага келган қизил карточкаларни эсга олиб ўтишга қарор қилдик.

Дастлаб Джеко мавзусига қайтсак. Футболчи йиқилиб ётганида туришига халақит берган рақиб футболчиси Сократис Папастатопулосни иштонини пастга тортиб юборди ва ҳакам томонидан иккинчи марта огоҳлантирилиб майдонни жамоадошларидан эртароқ тарк этишга мажбур бўлди.

Бунгача Босния ҳисобда олдинда бораётганди. Охирги дақиқаларда эса Греция жасорат кўрсатиб ҳисобни тенглаштирди.

Джеко қизил карточкасига муносабат билдираркан у бу қарорни тушунмаганини билдирди: «Қизил карточкани нима сабабдан олганимни тушунмадим. Ҳакам менга жанжални мен бошлаганимни айтиб тушунтирди. Лекин ерда ётган ҳолатимга қандай қилиб ҳаммасини мен бошлаган бўлишим мумкин? Худди 0:3га ютқазгандек кайфиятдамиз. Греция бир очкога ҳам муносиб эмасди. Ҳаттоки 0:1 ҳисобидаги мағлубиятга ҳам. Греция 0:4 ҳисобида ютқазиши керак эди».

Зинедин Зидан

Бу тарихни «Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ» туркумига киритиш мумкин. Аргентиналик Горацио Элисондо томонидан кўрсатилган қизил карточка ўша чемпионатдаги исталган гол ёки муҳим воқеликданам кўпроқ эсланиши аниқ. Ҳакам томонидан кўрсатилган қизил карточка, ҳал қилувчи ўйинда Зинедин Зиданга кўрсатилгандан кейин бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди! Провакаторлиги билан танилган Марко Матераццининг Зизу ёнига келиб айтган гапи ҳақида турли хил қарашлар бор. Ҳаттоки бу ҳақда футболчи «Зиданга нима деганим ҳақида 1001 фараз» номли китобини ҳам чоп этганди. Хуллас ўша сўз шунчалик бўлиб чиқдики, Зидан ўзини ушлаб тура олмади ва ҳақли равишда қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Етакчидан айрилган Франция эса кейинчалик ўйинни ҳам бой берди.

Ўша эпизод интернет саҳифаларида турли карикатуралар, мэмлар, кўринишида ҳалигача эсланиб келинади. Зиданни ҳамма ажойиб ўйинлари орқали, Матераццини эса ўша провакацияси орқали эслашади.

Юссуф Мулумбу

«Вест Бромвич»нинг африкалик футболчиси ўзининг эҳтиросларини яшира олмаслиги билан ажралиб турган.«Вест Ҳэм»га қарши учрашувда Мулумбуни рақиб футболчиси Гари О’Нил чалиб йиқитади. Мулумбу унда тўпни олади ва… уни тўўўғри рақибининг нозик жойига қарата йўллайди.

«Кулгули вазият бўлганди бу. Унчалик оғриқни ҳам сезмаганман. Асосийси биз ғалаба қозонгандик. Юссуф – яхши йигит. Шунчаки асабларини жиловлай олмайди», — дея эслаганди О’Нил бу вазиятни. 

Анхель Ди Мария

Қандай қилиб майдонни қандайдир сонияларда тарк этиш мумкин? 2015 йилнинг мартида Анхель Ди Мария ҳали «МЮ»да тўп суриб юрган пайтлари Англия Кубоги чорак финалида «Арсенал»га қарши учрашувда бу саволга жавоб топиб берганди.Аввалига аргентиналик футболчи Аарон Рэмси унга енгил тегиб кетганига қарамай, ажойиб йиқилиш саҳнасини ўйлаб топганди. Ҳакам бу саҳна кўриниши учун унга ўртача балл - сариқ карточка кўрсатганди. Бироқ футболчи бу билан чекланиб қолмади ва ҳакамнинг футболкасидан тортиб у билан мазкур вазиятни муҳокама қилмоқчи бўлди. Майкл Оливер эса бу сафар унинг ҳаракатларига юқори баҳони қўйди - қизил.

Бу четлатиш Англияда катта шов-шувни келтириб чиқарди. Инглиз таблоидларидан бири Daily Mirror вазиятни ўрганиб, Аргентина терма жамоаси футболчисининг лаб қимирлатиши ўқишга ҳаракат қилди ва унда Ди Мария арбитрга қарата «son of a bitch» (юмшоқроқ қилиб тушунтирганда — итвачча) деганини исботлашга уринди.

Аргентиналик футболчи умуман қизил карточкаларни ишлаш бўйича уста ҳисобланади. Уч йил муқаддам у «Реал» сафида ўйнаб юрганида ҳам шундай карточкани ишлаб олганди. 2012/13 мавсумда «Депортиво»га қарши учрашувда футболчи рақибга жарима зарбасини беришга ҳалақит бергани учун сариқ карточка олган. Шунга қарамасдан, у халақит қилишни давом эттирган ва кўп ўтмай иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни эрта тарк этганди.

Эден Азар

Бельгиялик футболчи ҳар доим ҳам ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан лол қолдиравермайди. Азар – нафақат ажойиб финтлари ва ақлбовар қилмас ҳаракатлар йиғиндиси, балки баъзида эса умуман тушунарсиз шахс. Болбой (тўп узатувчи болакай) билан бўлиб ўтган воқеа ҳам худди Зиданники каби машҳур дейиш мумкин. 2013 йилда «Челси» Лига Кубоги яримфиналида «Суонси»га ютқазган, асоан Эденнинг асаббузар ҳаракатлари бунга сабаб бўлган.

Бир вазиятда «Либерти Стэдиум» болбойи тўпни меҳмонларга беришни истамаган. Аммо бу ҳаракати учун Азар уни тепиб тўпни олиб қўйганди. Ҳакам шу заҳотиёқ унга қизил карточка кўрсатган. Азар кейинчалик бу ҳолатга баҳоналар топишга уринган бўлсада, охир-оқибат ўсмирдан кечирим сўраганди. Жабрдийда Чарли Морган эса шундан кейин катта машҳурликка эришди: газеталарнинг биринчи саҳифаси, шоуларнинг юлдузига айланди. 

Стивен Дефур

Собиқ клубга бўлган муносабат ҳақида гаплашамиз. Ҳозирда АПЛда «Бернли» сафида тўп сураётган бельгиялик футболчини ўз ватанида яхши кўраверишмайди. Масалан «Стандард» мухлислари уни хоин деб ҳисоблашади. 

Стивен Бельгия чемпионатида жамоаси «Андерлехт» билан Льежда, олдин беш йил ўйнаган ва сардор бўлган «Стандард»га қарши майдонга чиқади. Қизиллар мухлислари Дефурни «илиқ» кутиб олишади: ҳуштакбозлик ва «Red or dead» (Қизил ёки ўлим) шиорлари осилган баннерлар, бошқа тарафда жаллод қўлидаги Стивеннинг боши... «Андерлехт» футболчиси эса бу вазиятда асабларини жиловлай олмай қолди. Икки марта у тўпни қўлига олиб трибунага қарата куч билан тепгани учун қизил карточка олади. «Стандард» мухлислари томонидан амалга оширилган провакация 100 фоиз иш берганди.

Меҳрдод Пулодий

Энг «ўйланган» қизил карточка сифатида бугунги рўйхатимизга мазкур вазиятни киритишимиз мумкин. Осиё Кубоги– 2015нинг чорак финалида Эрон терма жамоаси ҳимоячиси Пўлодий ҳужумга қўшилади ва тўпга ета олмай дарвозабоннинг устидан сакраб ўтиб кетишга ҳаракат қилади. Рақиб ҳаракатини кўриб унга атай тўқнашади ва майдонга ётиб олади. Мантиқан олиб қараганда бу вазият учун Ироқ дарвозабони қизил карточка олиши керак эди, бироқ австралиялик ҳакам Бенжамин Уильямс бошқача қарама-қарши ишни амалга оширади ва эронлик футболчини майдондан четлатади. Ҳакамнинг бу ҳаракати ўйинга таъсирини ўтказмай қолмайди. 1:0 ҳисобида олдинда бораётган Эрон устунликни бой беради ва охир-оқибат пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб мусобақани тарк этади.

Мавзуга оид