Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Челси» (Англия) — «Реал» (Испания) — 2:0 (1:0)
Голлар: Вернер, 28 (1:0). Маунт, 85 (2:0).
«Челси»: Э.Менди, Тиагу Силва, Аспиликуэта (Жеймс, 88), Рюдигер, Кристенсен, Чиллуэлл, Жоржинью, Канте, Ҳаверц (Жиру, 90+4), Маунт (Зиёш, 88), Вернер (Пулишич, 67).
«Реал»: Куртуа, Серхио Рамос, Начо, Ф.Менди (Вальверде, 63), Эдер Милитао, Модрич, Кроос, Каземиро (Родриго, 76), Бензема, Азар (Диас, 89), Винисиус Жуниор (Асенсио, 63).
Огоҳлантиришлар: Жоржинью, 14. Серхио Рамос, 36. Кристенсен, 39. Начо, 62. Кроос, 72. Маунт, 87. Вальверде, 90.
Ҳакам: Орсато (Италия).
5 май. Лондон. «Стэмфорд Бриж» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:1.
«Челси» сафардаги ўйинда қулай ҳисобга эришиб қайтган, жавоб ўйинида қандай натижа қайд этилиши клубнинг ўзига кўпроқ боғлиқ эди. Шу туфайли Томас Тухель қандай йўл тутиши қизиқ эди: дурангни сақлаб қолиш учун ўйнаб, қарши ҳужумларда имкон пойлашми ёки бу мавсум кучсизроқ кўринаётган «Реал» устидан тўлиқ устунлик қилишми? Биринчи вариант танланди ва бу кутилмаган ҳол эмасди.
Тухель сўнгги ўйинларда қилаётганини такрорлаб, Маунтни яримҳимоя марказига жойлаштирди. У, Жоржиньо ва Кантедан иборат учбурчак тўпсиз ҳолатда орқароқда жойлашар, унинг асоси Жоржиньо бўларди. У ҳам баъзида рақиб жарима майдонига қадар яқинлашди (бир сафар Модрични таъқиб қилиб, кўпроқ Каземиро билан ўйнаб), аммо Маунт ва Кантенинг қанчалик кўп меҳнат қилиши муҳимроқ эди. Улар тўп «Реал» яримҳимояси орқали ҳаракатланишига қаршилик қилиши талаб этиларди ва улар буни уддалашди.
Зинедин Зидан исталган вазиятга мослашиб, жамоа ўйинини исталган сценарий бўйича туза олиш ҳадисини олганди. «Челси»га сафар олдидан вазифа оддий эмасди: Тухель давридаги 23 ўйинда атиги 10 гол ўтказган (агар «Вест Бром»га қарши аномал ўйинни ҳисобдан чиқарсак, 22 ўйинда 5 гол) жамоага албатта гол уриш талаб этиларди. Шу билан биргаликда, лондонликларнинг устун жиҳатларидан бўлган қарши ҳужумларга йўл қўймаслик.
Француз мураббийни кадрлар муаммоси кўпроқ қийнарди. Ўйинга икки кун олдинги хабарлар шунчаки қўрқинчли эди, аммо ўйингача ижобий янгиликлар бўлди. Ҳа Рафаэл Варан, Лукас Васкес ва Дани Карвахал ўйнай олмасди. Лекин Серхио Рамос, Ферлан Менди ва Феде Вальверде ўйинга тушишга тайёр бўлишди. Уларнинг дастлабки иккиси фақат сўнгги икки машғулотда иштирок этишди, жамоа сардори эса қарийб икки ойдан буён майдонга тушмаганди. Уларни ўйинга туширмасдан илож йўқ эди. Тушириш ҳам таваккалчилик эди.


















